Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда энг олий юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Конституция аввало, инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликларини мустаҳкамлайди ва кафолатлайди. Шунингдек, ижтимоий тузум асослари, бошқарув шакли ва давлат тузилиш асосларини, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатларини белгилайди.
Биз Конституциямизни ишонч билан халқчил Конституция деб айта оламиз.
Боиси, Конституциянинг яратилиш тарихига назар солсак, унинг лойиҳасини яратишда ҳам, қабул қилишда ҳам бевосита халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари, халқ манфаатининг барча нарсадан устунлиги, инсон, унинг ажралмас ҳуқуқларининг энг олий қадрият сифатида эътироф этилганлигини кўришимиз мумкин.
Конституциямизда Ўзбекистон Республикасининг суверен демократик Республика эканлиги, яъни давлат ўзининг ички ва ташқи сиёсатини мустақил белгилаши, демократия эса умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг давлат томонидан таъминланиши, Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муносабатларини тартибга солувчи нормалар белгилаб берилган.
Конституция нормаларини ҳаётга тадбиқ этиш ва тўлиқ ижросини таъминлаш мақсадида қонунлар ва бошқа қонун ости ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Биз бугунги кунда асосий қомусимизнинг ҳар бир моддасида белгилаб берилган меъёрларнинг амалда таъминланаётганлигини кўришимиз мумкин.
Масалан, Конституциямизнинг 2-моддасида Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, 7-моддасида эса Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир деб белгиланган. Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланмоқда. Натижада ҳар бир раҳбар, маъсул ходимлар жойларга чиқиб, халқимизга муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича ижобий ишларни амалга оширмоқда.
Давлатнинг ривожланиши албатта унинг ташқи сиёсати билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Конституциямизнинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати ва уни амалга оширишнинг асосий принциплари белгиланган. Ташқи сиёсий фаолиятнинг бош мақсади- давлат мустақиллиги ва суверенитети, халқаро майдондаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинчлигини таъминлаш, республиканинг ташқи иқтисодий манфаатларини фаол тарзда илгари суришдан иборат.
Бугунги кунда мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 130 дан ортиқ давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган, 100 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзосидир.
2019 йил 15 ноябрь куни “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари тўғрисида сўз юритганимизда, аввало Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгилаб берилган ҳар бир ҳуқуқ Конституциямизда ўз аксини топганлигини эътироф этишимиз лозим. Ва бу ҳуқуқ ва эркинликлар давлат томонидан таъминланади. Масалан, фуқаронинг мулкдор бўлиш ҳуқуқи, меҳнат қилиш ҳуқуқи.
Бугун аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали ҳар бир инсон, унинг оиласи, жамият, давлатнинг иқтисодий ривожланишига оид бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бизнес Омбудсман институти, Бош вазирнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қабулхонаси, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши, “Ҳар бир оила тадбиркор” ёки “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинганлиги, фуқароларнинг ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси — буларнинг барчаси қомусимизда белгилаб берилган ҳуқуқларимизнинг амалда таъминланишига хизмат қилмоқда. Бундай мисолларни ҳар бир соҳада келтиришимиз мумкин. Энг асосийси, бу ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Ушбу ислоҳотлар жорий йилда ҳам давом этиб, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида 2020 йил 4 декабрь ҳолатига кўра 53 та қонун, 1117 та қарорлар, шундан Президентимизнинг 279 та қарори,121 та фармони, 20 та фармойишлари қабул қилинди.
Жорий йилда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Нотариал палата ташкил этилди.
Шунингдек, «Фахрий мураббий», «Саломатлик», «Олий даражали дўстлик» орденлари, «Соғлом турмуш» медали, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвони, «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари таъсис этилди.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси”, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди.
Тегишли қонунлар билан 22 март Маҳалла тизими ходимлари куни, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни, 11 ноябрь Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланди.
Аҳоли бандлиги тўғрисидаги, Таълим тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисидаги, Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги, Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисидаги ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилинди.
Мана шу ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради.
Давлат ва жамият ривожланиши, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида Конституциямизга шу кунга қадар 14 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган сўнгги ўзгаришлар суд ҳокимияти тизими, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятидаги ислоҳотлар, сайлов тизими билан боғлиқдир.
2018 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг 498-сон Қонуни билан Конституциямизнинг 105-моддасига ўзгартириш киритилди.
Олдинги таҳрирда шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди деб кўрсатилган эди. Янги таҳрирда “унинг маслаҳатчилари” сўзлари чиқариб ташланди.
2019 йил февраль ойида киритилган ўзгартириш билан «миллий хавфсизлик хизмати» деган жумла «давлат хавфсизлик хизмати» деган жумла билан алмаштирилди.
2019 йил 5 март куни 527-сонли қонун билан 79, 93, 98-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Масалан, 93-моддага кўра Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлайди ва лавозимларидан озод қилади.
Яъни, эндиликда Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тасдиқлаш ва лавозимларидан озод қилишда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси мақуллаши лозимлиги белгилаб берилди.
2019 йил 4 сентябрь куни Конституциямизнинг 117 моддасига ўзгартиш киритилди.
Хабарингиз бор, Сайлов кодекси тасдиқланиши билан сайловга оид айрим қонунлар ўз кучини йўқотти.
Шунингдек, 117-модданинг 4-қисми Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб ўзгартирилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз керак, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот Конституциямизда белгиланган қоидалар асосида, энг аввало халқ учун, унинг манфаати учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Барча юртдошларимизни, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги жамоаси номидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз.
С.Мамбеткадиров,
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири.