Китобхонлик — маънавий бойлик


Кўпчиликка маълумки, техника асрида ёш авлод китоб ўқишдан бироз чалғиган ва китобхон ёшлар сони нисбатан камайиб кетаётган эди. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимиз миқёсида “Ёш китобхон” танловининг ўтказилиши ёшлар ўртасида китобхонликни, китоб ўқишга бўлган қизиқишни жуда тез оммалаштирди.

Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ “Ёш китобхон” танлови эндиликда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқиладиган низом асосида давомли равишда ўтказилади.

Шарқнинг   улуғ ва  маърифатпарвар  шоири  Абдулқодир  Бедил ҳазратлари китобнинг инсон  маънавий, ахлоқий камолотида юксак мавқега эга  эканлигини ўз мисраларида келтиради.

 

Фикрсиз  ақлнинг  занги  бўлади,

Китобла  эговла  янги  бўлади.

Ойнадан  ибрат ол, бир  кам  артмасанг,

Устида  бир  энлик  чанги  бўлади,

дейди шоир.

Бунда фикрнинг тиниқ, нутқнинг равон, инсон  қалбида энг эзгу инсоний фазилатларнинг униб  ўсишида китоб мутолаа қилишнинг жуда муҳимлиги келтирилади.

Китобга кўнгил берган ҳар бир китобхон миллий ва умуминсоний қадриятларни англаб, ўз ҳатти-ҳаракатларига маънавий масъул  шахс сифатида тарбиялана боради.

Айни кунларда “Ёш  китобхон” танловини мактаблар миқёсида ўтказиш ҳам яхши анъанага  айланмоқда.

Яқинда мактабимизда шу йўналишда ўтказилган танловда 5-синф ўқувчиларидан Расул ­айбуллаев, Шахноза Муратбаева, Руслан Узақбаев, Алиа Туримбетова, 6-синф ўқувчиларидан Маман Асаматдинов, Машҳура Усенбаева, Қаллибек Камалов, Давронбек Рейимбаев ва Лола Жумабаевалар фаол иштирок қилдилар.

Эътиборли жиҳати шундаки,  мамлакатимизда ҳамда мактабларимизда “Ёш  китобхон“  танловини ўтказиш бошланганидан кейин биз ўқитувчилар ҳам дарслик билан чекланиб қолмасдан қўшимча адабиётларни ўқиш ҳаркатига тушиб қолдик. Негаки, ўқувчиларимиз ўзлари ўқиётган китоблардан саволлар беради, бирга таҳлил қиламиз, шу жараёнларга тайёр бўлишимиз учун ҳам биз икки карра билимимизни ошириб бормоқдамиз. Китобхонлик – маънавий бойлик саналади. “Ёш  китобхон”  танлови эса, ёш авлодни маънавий бойликка эга бўлишга ундовчи катта кучга айланди.

Сайёра Аминова,

Нукус шаҳар 22-сонли ихтисослаштирилган  давлат умумтаълим мактабининг Ўзбек  тили  ва адабиёти фани ўқитувчиси.