2004-2008 йилларда туғилган истеъдодли 22 нафар футболчилар шу йил 28 сентябрь — 7 октябрь оралиғида Мадриддаги «Реал» жамоаси академиясида бўлиб, маҳорат дарсларида иштирок этиб келишди.
Ўзбекистон Футбол федерацияси билан клуб академияси ўртасида ҳамкорлик бўйича тузилган шартномага кўра, Испаниянинг етакчи жамоаси мутахассислари шу йил июнь ойида юртимизда бўлиб, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистондан келган 300 нафар ёш футболчиларни кўздан ўтказди. Уларнинг орасидан қобилиятли деб топилган 22 ёш футболчи клуб академиясига танлаб олинди. Қувонарлиси, уларнинг орасида юртдошимиз Бегис Қуанишбаев ҳам бор.
Б.Қуанишбаев 2007 йилда Қораўзак туманида туғилган. Тумандаги 2-сонли умумтаълим мактабида ўқиди. Футболга қизиқиши уни тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етаклади. Бу ерда биринчи мураббийи Қуандиқ Фазилбеков раҳбарлигида шуғуллана бошлади. Кўплаб мусобақаларда қатнашди. Ўтган йили Қорақалпоғистон Футбол федерацияси кубоги учун ўтказилган мусобақада ғолиб бўлди.
Жорий йилда янги очилган Қорақалпоғистон Республикаси Болалар ва ўсмирлар футбол академиясига қабул қилинди. Бугунги кунда устози Қаржаубай Ибадуллаев раҳбарлигида футбол сирларини ўрганмоқда. Шунча болалар орасидан қораўзаклик ёш футболчининг испаниялик мутахассислар эътиборига тушиши унинг умидли келажагидан дарак беради.
Ўтган душанба куни Нукус темир йўл вокзалида ёш футболчи кутиб олинди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Футбол федерацияси, Болалар ва ўсмирлар футбол академияси вакиллари, футболчининг ота-онаси ва устозлари иштирок этди.
— Академияда ҳар куни икки мартадан машқларда қатнашиб, кўп нарсаларни ўргандик, — дейди Бегис Қуанишбаев. — Испаниялик мураббийлар ҳужумдан ҳимояга ўтиш, тўп олдирилганда тезлик билан ҳимояга қайтиш каби техник-тактик машқлар ўтишди. Мадриднинг «Реал» жамоаси тарихи, ютуқлари, Академиянинг ўқитиш услублари билан яқиндан танишдик. Бу ҳаётимда унутилмас воқеадир. Ниятим аргентиналик Месси, португалиялик Роналду каби футболчи бўлиш.
Биз ёш футболчига омадлар тилаймиз.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.