Президентимизнинг ушбу қарори Оролбўйида яшовчи бутун халқимиз, шу жумладан, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланувчи биз каби фермерларга жуда катта мамнуният бағишлаш билан бирга эртанги кунга бўлган ишончимизни янада ошириб, янги марраларга руҳлантирмоқда.
Сув – барча ҳудудларда ҳам ҳаёт манбаига қиёсланади. Лекин, Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон учун ҳаттоки, унинг ҳам шимолий ҳудудларидаги фермер ва чорвадорлар учун сув — ҳаёт мамот масаласи, десак асло муболаға бўлмайди. Мен республикамизнинг чекка ҳудудларидан саналган Тахтакўпир туманида фермерлик, чорвачилик билан шуғулланиб, сув тақчиллигининг одамлар турмуш шароити, табиат, қўйингки, ҳудуд ҳаётига қандай таъсир қилишини кўрганим учун ҳам шундай фикрни билдирмоқдаман.
Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Тахтакўпир туманида 1000 километрдан ортиқ ички канал ва ариқ зовурлар сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилиши белгиланган.
Қарорда белгиланган вазифалар кўлами кенг ва ижросини таъминлаш орқали эришиладиган натижа бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Биз ҳам бу қарор асосида ўзимизга юклатилган вазифаларни бажаришга ҳозирданоқ киришиб, ҳудудимиздаги ички каналларни тозалашни бошладик.
Негаки, Президентимиз жон куйдириб, Қорақалпоғистон Республикасининг сув таъминотини яхшилашга оид ана шундай тарихий қарорларни қабул қилаётган экан, унинг ижросини фақат сувчилар ёки қурувчи ташкилотларга юклаб қўйиб томошабин бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Ишонаманки, бу борадаги ишларда қорақалпоғистонлик фермерлар давлатимиз раҳбарига камарбаста бўладилар.
Сарсенбай Сейтназаров,
“Тайимбет” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони.