Айни кунларда Қорақалпоғистон аҳли Президентимизнинг бу заминда барча соҳаларни ривожлантиришга қаратаётган эътибори ва халқимизга кўрсатаётган ғамхўрлигидан чексиз миннатдор бўлишмоқда. Яқиндагина 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид Президентимизнинг қарори қабул қилингани барчамизни қувонтирган эди.
Давлатимиз раҳбари 5 декабрь куни яна бир муҳим ҳужжат “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Бу қарор нафақат сувчилар, фермер-деҳқонлар, балки бутун Оролбўйи халқининг тақдирига дахлдор бўлган аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлди.
Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи давомида сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо бериб, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Қорақалпоғистон Республикасида кейинги уч йил ичида 47 минг гектардан ортиқ ерларнинг сув таъминоти яхшиланди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 11,2 минг гектарга камайди, 140 минг гектардан ортиқ майдоннинг мелиоратив ҳолатини барқарор сақлашга эришилди.
Қорақалпоғистон Республикасида 44,9 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти паст даражада, 95,2 минг гектар суғориладиган майдонлар ўртача ва кучли шўрланган, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги эса пастлигича қолмоқда.
Қарорнинг 1-иловасига мувофиқ, кейинги уч йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасида 37 та ирригация объектларида 359,2 км, 31 та мелиорация объектларида 344 км узунликда қуриш, реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шунингдек,49 та туманлар ва хўжаликлараро коллекторларнинг 3 минг 277 километрида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилади.
Шу билан бирга 9 дона ирригация ва 7 дона мелиорация тармоқларидаги кўприкларни қуриш ва реконструкция қилиш, 11 та гидротехник иншоот ва 2 та насос станциясини қуриш назарда тутилган.
Мазкур қарорнинг ҳар бир иловасида сув хўжалиги соҳасининг тегишли тармоқларини ривожлантириш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланган. Уларда маҳаллий бюджет ва сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар, фермер хўжаликлари маблағлари ҳисобидан ирригация ва суғориш тармоқларини таъмирлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувни ҳисобга олишда рақамли технологияларни жорий қилиш, насос станцияларида электр энергиясидан фойдаланишни рақамли технологиялар ёрдамида “онлайн” режимида назорат қилишни жорий этиш, насос станциялари ва ирригация тизимлари каналларини давлат хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий секторга бериш каби 7 та йўналиш бўйича устувор вазифалар белгиланган.
Айтиш жоизки, Оролбўйи ҳудудида сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга ҳеч қачон бу каби эътибор ва маблағ қаратилмаган ва натижада катта маблағ талаб қилинадиган магистрал каналларни 20-30 йил ўтса ҳамки реконструкция қилиш имкони бўлмаган. Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан 2018 йилда Сув хўжалиги вазирлиги қайта ташкил қилингач, бу борада кенг кўламли ишлар бошланди. Масалан, қарорнинг 1-иловасининг рўйхатида турган “Анасай” магистрал канали 1986 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 32 йил давомида қайта қазилмаган. Ҳозирда республика бюджет маблағи ҳисобидан қайта қазилаётган ушбу каналнинг реконструкция ишлари 2023 йилгача якунланиши белгиланган.
Биз, куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вазирликларнинг масъул вакиллари, олимлар билан биргаликда ушбу қарор доирасида амалга ошириладиган вазифаларни муҳокама қилиб олдик. Қарорда назарда тутилган лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган ишларни илмий-техник жиҳатдан таъминлаш, ҳар бир лойиҳанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ресурс тежамкор ва ахборот технологиялари қўлланилиши бўйича хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш белгиланган. Шу боис ҳар бир лойиҳага илмий ёндашиш мақсадида сув хўжалиги соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган қорақалпоғистонлик олимлар билан бирга қўшни вилоятлардаги олимларни ҳам жалб қилиш ва улар билан ҳар ойда икки маротаба маслаҳатлашиб олишга келишдик.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш орқали кейинги уч йилда Қорақалпоғистонда 90 минг гектардан зиёд майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Каналлар ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини 56 дан 65 гача ошириш назарда тутилган. Шунингдек, 19,4 минг гектар кучли ва ўртача шўрланган ерлар тегишинча кам шўрланган ва ўртача шўрланган ерлар тоифасига ўтказилиб, 96,5 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарор ушлашга эришилади.
Мақсадимиз қарорда белгиланганидек, сув хўжалиги соҳасига илм-фан ютуқларини, сувни тежовчи технологиялар ва илғор тажрибаларни, сув хўжалиги ва сувдан фойдаланиш тизимини бошқаришнинг инновацион усулларини жорий қилган ҳолда юқори натижадорликка эришишдир.
Ж.УЗАҚОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири.