ЖАМИЯТИМИЗ ВА ХАЛҚИМИЗНИ ВАЙРОНКОР FОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК


Одамзод бугун шиддатли бир даврда, инсон тафаккур кучи билан улкан чўққиларни забт этаётган замонда яшамоқда. Ана шундай шиддатли тараққиёт билан бир қаторда ҳаётимизда баъзи ижтимоий муаммолар вужудга келмоқдаки, бундан бутун дунё аҳли ташвишга тушмоқда.

Бугунги глобаллашув замонида инсониятнинг қалби ва онгини эгаллаш учун мислсиз кураш бормоқда. Бу муаммолар бугунги кунда глобал тус олаётган диний экстремизм ва терроризм, ахборот хуружи, одам савдоси, «оммавий маданият» ҳамда трансмиллий жиноятлар кабилардир. Инсондан турли мақсадларда фойдаланиш сингари мудҳиш жиноятлар, турли қуролли тўқнашувлар, давлат тинчлигига рахна солувчи ҳаракатлар буларнинг барчаси вайронкорлик, бузғунчилик, умуман олганда, шафқатсизликнинг кўринишидир. Шуни таъкидлаш керакки, ҳар йили минглаб бегуноҳ инсонлар, болалар бевосита ёки билвосита турли зўравонлик қурбонига айланмоқда.

Вайронкорлик – бузғунчилик, хатти-ҳаракати салбий (вайрон қилиш, хароба) ишларга қаратилган, жамиятга зарар етказишни мақсад қилган бир гуруҳ одам қиёфасидаги махлуқотларнинг ҳаракати ҳосиласидир.

Вайронкор ғояларнинг амалий кўриниши ҳудуд ва жой танламайдиган даҳшатли жиноятлардан саналади. Вайронкор ғояларга диний экстремизм ва терроризм, ахборот хуружи, одам савдоси, «оммавий маданият» халқаро можароларнинг қиёфасини бутунлай ўзгартираётган таҳдидлар ва информацион-психологик хуружлар ҳам мансуб.

Жамиятда қабул қилинган ҳар қандай қадриятлар ва меъёрларга зид қарашлар ва чораларга мойиллик экстремизмнинг асосий хусусияти ҳисобланади.

Диний-экстремистик оқимларни бирлаштирувчи умумий жиҳати — уларнинг хатти-ҳаракатлари зўравонликка, террорга асосланганидир.

Одам савдоси кишилар тинчлигини бузиш, барқарор тараққиётга халал беришга қаратилгани, унинг ортида вайронкор-қўпорувчи ёвуз кучлар турганлиги билан хатарлидир. Одам савдоси ва унинг салбий оқибатларига қарши доимий равишда кураш чоралари кўрилмоқда. Барча таълим даргоҳларида, ташкилот, муассаса ва корхоналарда ушбу иллатларни таг-томири билан юлиб ташлаш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

«Оммавий маданият» турли хил четдан кириб келган ёт ғояларни сингдириш орқали инсонларни миллий қадрият, миллий маданиятдан йироқлаштириш, дунёни бир тизимга солиш, битта оқим бўйлаб ҳаракатлантириш, бир хилликни шакллантиришдан иборат. «Оммавий маданият» таҳдидларининг 90 фоизидан ортиқроғи интернет орқали кириб келиши эътироф этилган.

Ахборот хуружи ҳозирги замон ёшларининг қалби ва онгида миллий қадриятларни сўндириб, инсонни соғлом ҳаёт, теран фикрлашдан йироқлаштиришга қодир эканлигини унутмаслигимиз керак. Улар инсониятга путур етказиш, аввало, унинг маънавий-ахлоқий асосларига таъсир ўтказишга уриниш ва шунингдек, замонавий интернет технологияларидан фойдаланиш орқали миллатнинг бунёдкорлик руҳидаги бой маданияти, маънавий қадрият ва анъаналарига мутлақо зид бўлган бузғунчи ғоя ва тушунчаларни инсониятнинг, айниқса, ёшларнинг онгига сингдиришга қаратилгани билан хатарлидир.

Яна бир мулоҳаза, дунёда кибержиноятчилик, коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда салбий информацион таъсир ўтказиш каби халқаро хавфсизликка нисбатан хавф-хатарларнинг авж олаётганига етарли баҳо бермасдан, уларнинг олдини олмасдан, бепарво бўлиб яшаш мутлақо мумкин эмас. Турли жиддий таҳдид ва хатарлар коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда салбий информацион таъсир ўтказиш орқали ҳам юзага келади.

Бундай иллатлар миллат илдизига, маънавиятига болта урмаслиги учун унга қарши самарали курашишда оила, маҳалла-кўй, таълим муассасалари, шунингдек, бу ишга масъул бўлган давлат, нодавлат ташкилотларининг ҳамжиҳатлиги ниҳоятда муҳимдир.

Бу борада Кегейли туманида ҳам қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2020 йил январь ойида Кегейли тумани ҳудудида олиб борилган “Комплекс” қўшма тадбирлар давомида Кегейли тумани Жузимбақ ОФЙда истиқомат қилувчи,  1988 йилда туғилган фуқаро К.Хга тегишли “SAMSUNG GALAXY J2» русумли уяли қўл телефони флешка хотираси текшириб кўрилганида унда динни нотўғри талқин қилувчи мазмундаги программалар, видео ҳамда аудио файллар борлиги аниқланди, ушбу фуқаро мазкур видео-аудио файллардан фойдаланган ҳолда танишларини ҳам даъват қилганлиги маълум бўлди.

Олиб борилган ишлар натижасида фуқаро К.Хга  ЎзР МЖТКнинг 241-моддасига асосан тегишли жазо чораси кўрилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, огоҳлик – давр талаби. Ҳар бир инсон хоҳ катта, хоҳ кичик ёшда бўлсин, энг аввало, ўйлаб, атрофдагилар ва яқинларининг маслаҳатларига таянган ҳолда иш юритиши мақсадга мувофиқдир. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиққани каби, хайрли иш ҳам, зиён етказиш ҳам инсоннинг қўлидадир. Шунинг учун ҳам у онгли мавжудот. Биргина нотўғри ҳаракат залолат сари етаклаши муқаррар. Донишмандлар айтганидек, «Сўнгги пушаймон – ўзингга душман».

Мамлакат, халқ ёки миллатни вайронкор ғоя таҳдидларидан ҳимоялаш учун, аввало, ёшларимизни шу каби иллатларга қарши кураш руҳида тарбиялаш, уларда залолатга қарши маърифат билан курашиш сингари ғоявий-миллий иммунитетни шакллантириш, таълим-тарбия ишларини оқилона йўлга қўйиш, уларни замонавий илм-фан, маданият, техника ва технология ютуқлари билан мунтазам равишда таништириб бориш катта аҳамият касб этади. Нега деганда, тараққиёт тақдирини маънавий жиҳатдан етук, техникавий билимлар ва мураккаб технологияларни эгаллаган, иродаси бақувват, имони бутун, замонавий фикрлайдиган юксак салоҳиятли ёшлар ҳал этади.

Гулмурат Маткурбанов,

 Кегейли тумани Ички ишлар бўлими Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш гурухи катта тезкор вакили майор.