Мақсадимиз — Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш


Бугунги кунда ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан аҳоли турар жойларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари, барча турдаги таълим муассасалари ҳамда аҳоли кўп йиғиладиган масканларда фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шундай бўлса ҳам аҳоли турар жойларида ёнғинлар ҳамда фуқароларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Афсуски, сўнгги вақтларда Хўжайли туманида юз берган бундай ҳолатлар барчамизни янада огоҳ ва эътиборли бўлишга ундайди.  Туман ҳудудида жорий йилнинг 11 ойи давомида 52 та ёнғин келиб чиқиш ҳолатлари қайд этилган. Содир бўлган ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганида, уларнинг кўпчилиги аҳоли турар жойларида ўрнатилган контрамарка ва ўчоқ печьлари мўриларининг носозлиги, электр ва қўлбола газ тортувчи ускуналардан фойдаланиш, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, ёш болаларнинг олов билан ўйнашлари, қисқача айтганда фавқулодда ҳолатлар ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши натижасида содир этилмоқда. 

Турар жойларда ўрнатилган контрамарка ва ўчоқ печьлари мўриларининг носозлигини била туриб “ҳеч гап бўлмайди” қабилида иш тутиш оқибатида мана шундай ҳолатлар содир бўлаётгани ачинарлидир. Хўжайли тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими, 19- ЁХБ ва 20-КЁХБ шахсий таркиби қозонхоналар, мўрилар носозлиги, газ, электр ускуналари ва турар жойларнинг бир бирига яқин жойлашувини назоратдан ўтказиб, аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлашдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими ва ёнғинга қарши муҳофазани кучайтириш, шунингдек, ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш бугунги кундаги энг долзарб  масалалардан биридир.

Зеро, доимо хушёр ва огоҳ бўлиш, ёнғинларнинг олдини олиш инсон саломатлиги ва унинг мол–мулки таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.

С.Рабаев,

Хўжайли тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассиси.