Халқимизнинг азалий қадриятларидан бири бу — кечиримлилик, меҳр-оқибат кўрсатишдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 104 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилганларнинг 13 нафарини чет эл фуқаролари, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафарини аёл ҳамда 21 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Президентимизнинг мазкур фармонига мувофиқ, тахиатошлик Парахат Халмедов ҳам ўз оиласи бағрига қайтди.
— Шу йил янги йил байрамини оилам билан кутиб олишимни кўз олдимга келтира олмасдим,-дейди П.Халмедов. –Бунинг учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Менга билдирган ишончни оқлайман. Эндиликда фидойи меҳнат қилиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида камарбаста бўламан. Биласизми, Президентимиз томонидан авф этилиб уйимга келган кундан бошлаб шахсан туман раҳбари менга муносиб ойлик асосида иш таклиф қилди.
Айниқса, оила аъзоларимга, хусусан, ота-онам ва ука-сингилларимга ўтган йиллар мобайнида ҳамда карантин даврида мунтазам беминнат кўмак бериб келаётган туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Э.Дурдиев, Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, подполковник О.Турдибаев, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи полковник Ф.Матмуратов ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари П.Халмедовнинг хонадонига ташриф буюриб, унинг турмуш шароити ва келажакдаги режалари билан ўртоқлашишди. Туман Бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан бўш иш ўринлари таклиф этилди.
Шунингдек, диний-маърифий ва тарбиявий ишларни амалга ошириш мақсадида туман фаоллари кўмаги билан П.Халмедовга бир нечта мураббийлар бириктирилди.
Халқимизда “Авф – меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди”, деган гап бор. Бугун яхшилар ёрдамидан боши кўкка етган Парахат Халмедов дунёга теран назар билан боқмоқда. Унинг келажак режалари бисёр. Жамиятда ўз ўрнини топиб, ватанпарлик туйғуси ила ҳаёт кечиришига ишонамиз.
Ҳа, фармон ижроси юзасидан афв этилган шахслар бугун ўз яқинлари, оиласи бағрида. Уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун нафақат тегишли вазирлик ва идоралар, балки, ҳар биримиз масъулмиз.
Феруза НУРУЛЛАЕВА.