Помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси (ToBRFV) касаллиги туфайли республикамизнинг бир қатор вилоятлари экспортига тақиқ қўйилиши ўсимликлар карантини соҳаси ходимларидан карантин назоратини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Мазкур масала юзасидан “Ўздавкарантин” инспекцияси томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, жойларда ўрганишлар олиб борилди. Мутахассисларнинг ўрганишлари натижасида республика ҳудудида помидорнинг жигарранг буришиш (ToBRFV) вируси аниқланмади.
Россия Федерацияси томонидан ўрнатилган чекловларни ҳал этиш мақсадида ҳозирги кунда муҳокамалар олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси томонидан помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси ва бошқа хавфли вирусли касалликлар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Республика шаҳар ва туманларидаги барча иссиқхоналарда ичши гуруҳ томонидан ўрганишлар олиб борилди. Жумладан, Нукус шаҳридаги «Биоэкоагроинпекс» МЧЖ, «Глобальфуд» МЧЖ, Тахиатош туманидаги «Найман агро импекс» МЧЖ, «Тахиатош Агро комплекс» МЧЖ, «Тахиатош Греен Хаус индустриаль» МЧЖ ларига қарашли иссиқхоналарда “Долзарб ўн беш кунлик” тадбирлари ўтказилди.
Карантин тадбирлари давомида иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бақлажон ва булғор қалампири маҳсулотлари лаборатория текширувларидан ўтказилди. Лаборатория хулосасига кўра иссиқхоналарда ҳеч қандай зарарли организмлар аниқланмади.
Соҳа ходимлари томонидан хавфли вирусли касалликлар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича кўргазмали семинарлар ўтказилиб тавсиялар берилмоқда.
Помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси – янги ва жуда кам ўрганилган вирус бўлиб, 2020 йил сентябрь ойига келибгина Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилотининг А2 рўйхатига киритилган.
Ушбу касаллик уруғлар, вирус теккан асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали ва экинларнинг чангланиши вақтида тарқалиши мумкин. Ҳозирча бу вирусга чидамли помидор навлари ишлаб чиқилмаган.
Иссиқхоналарда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хавфли вирусли касалликлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг кириб келишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган бундай карантин тадбирлари республика бўйлаб давом этмоқда. Зеро, ўсимликлар хавфсизлигини таъминлаш орқали экспортга сифатли, жаҳон бозорлари талабларига жавоб берадиган фитосанитар тоза маҳсулотларни етиштириш мумкин бўлади.
М.Ибрагимов,
Қ.Шарибаев,
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном-инспекторлари.