Президентимизнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан йўллаган табриги қорақалпоғистонлик миришкор деҳқон ва фермерлар, чорвадорлар, ирригатор ҳамда шу соҳада меҳнат қилаётган барча-барчани руҳлантирди. Хусусан, табрикда таъкидланган “Ҳар бир ёшга — бир гектар” дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биргина Мўйноқ туманида 5 минг гектар ер ажратилиб, ёшларнинг деҳқончилик билан шуғулланишларига имконият яратилди.
“2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, ҳар бир туманнинг “ўсиш нуқталари” белгиланган. Масалан, Амударё туманида тўқимачилик саноати ва боғдорчилик “ўсиш нуқталари” этиб белгиланиб, ушбу йўналишларда янги ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари 2024 йилнинг 1 январига қадар ер, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинди.
— Мазкур қарор билан чорвачилик, балиқчилик, шоличилик ва кунжут етиштириш ҳамда қайта ишлаш кластерларини ташкил қилиш белгиланган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Алишер Якубов. — Шунингдек, фойдаланишдан чиққан 35 минг 860 гектар ерни ўзлаштириш, қишлоқ хўжалиги фойдаланишига қайта киритиладиган 875 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил қилиш, музлаткичли омборхоналар қувватини 40,8 минг тоннага етказиш, қишлоқ хўжалиги техникалари сонини 1,4 мингтагача, наслли қорамоллар сонини қўшимча 30 минг бошга ошириш, 30 минг гектар ерда кунжут етиштириш ва маҳсулотни тўлиқ экспортга йўналтириш, балиқ етиштириш ҳажмини икки бараварга кўпайтириш ҳисобига балиқ маҳсулотларини келгуси йилда 35 минг тоннага, 2022 йилда 50 минг тоннага етказиш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Қайд этиш керак, бу борадаги амалий ишларга аллақачон киришилган. Масалан, «ТAKHIATASH GREEN HOUS INDUSTRIAL» МЧЖнинг 27 миллиард 40 миллион сўмлик лойиҳаси асосида Тахиатош туманида гидропоника усулида иссиқхона комплекси ишга тушди.
Якунига етаётган йилнинг ўзида бу соҳада кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Тахтакўпир туманида чорвачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа қиймати 11 миллиард 320 миллион сўмлик «Сейт шаруа» фермер хўжалиги лойиҳаси ишга туширилди.
Нукус шаҳрида балиқчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳа қиймати 16 миллиард сўмлик “QARAQALPAQ BALIQ SANOAT” МЧЖ ишга туширилди. Шунингдек, Қўнғирот туманида 15 миллиард сўмлик лойиҳа асосида қорамолчилик йўналишида «PANAMILK» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилда ҳудудда кузатилган сув тақчиллигига қарамай, қорақалпоғистонлик фермер ҳамда деҳқонлар пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олишга эришдилар.
Бугун бутун халқимиз давлатимиз раҳбарининг бу элга қаратаётган эътибори, шу заминни тараққий топтириш, одамларнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга оид алоҳида қабул қилаётган қарорларининг мазмун-моҳиятини яхши англаб турибди. Бу эътибор ва имкониятлар соҳа ходимларини янада шижоат билан ишлашга ундамоқда.
Ғайрат ОТАЖОНОВ.