Байрам тадбири бўлиб ўтди


Инсонлар қалбида миллий ифтихор туйғуларини уйғотишда давлат рамзларининг ўрни аҳамиятлидир.

14 декабрь “Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун.

Давлат байроғи қабул қилинганига 28 йил тўлиши муносабати билан Нукус шаҳридаги 55 метр баландликда жойлашган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ўрнатилган майдонда байрам тадбири ўтказилди. 

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда эзгулик, донишмандлик, поклик, садоқат, гўзаллик, тинчлик ва янгиланиш каби тушунчаларни ўзида мужассам этган давлат байроғини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни улуғлаш ва юксакларга кўтариш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги, шунингдек, юртимиз байроғи остида халқимиз ҳаёти, инсонларнинг маънавий оламида ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бераётганлиги таъкидланди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов иштирок этди ва нутқ сўзлади.  

Т.Сейтназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.