Тўрт кун давомида пойтахтимизда бўлган «Friends» ташкилоти аъзолари томонидан туғма нуқсони бўлган 44 бола операция қилинди, 350 бола малакали педиаторлар кўригидан ўтказилди ва 450 нафар катта ёшдаги фуқаро умумий амалиёт шифокорлари томонидан бепул текширилди. Уларга зарур дори-дармонлар тарқатилиб, тиббий маслаҳатлар берилди.
Жанубий Корея Респубикасининг нодавлат нотижорат «Friends» ташкилоти 2009 йилдан буён ҳар йили кузда келиб, хайрия акцияси доирасида республикамиз аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатади. Ҳар йили мутахассис шифокорлар 30-35 боланинг жағидаги туғма анатомик (қуёнжағ, қаттиқ ва юмшоқ танглай) нуқсонларини бепул даволайди. Жорий йилда жарроҳлардан билан биргаликда терапевт, лор, педиатр, невролог ва стамотологлар келиб, пойтахтимиздаги Республика кўп тармоқли болалар тиббий марказида туман ва шаҳарлардан келган беморларни тиббий кўрикдан ўтказди. Операцияга муҳтож болалар шифохонага ётқизилиб, уларга операция амалиёти қилинди.
Тиббий тилда хейлопластика, ринопластика ва дермопластика деб аталадиган операция амалиётлари бевосита «Dr.Park’s Plastic Clinic» шифохонаси директори, пластик жарроҳ Пак Джин Сок раҳбарлигида амалга оширилди.
Шунингдек, 2009 йили Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Жанубий Корея Республикасининг «Friends» ташкилоти ўртасида тузилган меморандум шартларига кўра, ташкилотнинг малакали стамотологлари пойтахтимиздаги 2, 24, 25, 18, 19, 28, 38-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчиларига стамотология бўйича ёрдам кўрсатиб, улар орасида соғлом турмуш тарзи тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бордилар.
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тавсиясига кўра, ҳар йили яна бир мактаб ташкилот билан шартнома тузиши мумкин. Жорий йилда Нукус шаҳридаги 38-сонли мактаб билан уч йилга ана шундай шартнома тузди.
Шифокорлар ушбу мактабларда ўқувчиларга тиш пастаси ва шёткаси, фторли суюқлик тарқатиб, оғиз бўшлиғини тўғри тозалаш, соғлом турмуш тарзи бўйича суҳбат ўтказди. Жорий йилда 4 мингдан кўп ўқувчи билан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, мазкур тадбирлар билан бирга ушбу мактабларнинг барчасида «Оғиз бўшлиғи саломатлиги куни» мавзусида фестиваль ташкил этилди. Фестиваль давомида «тишларни тўғри тозалаш», «тишларни тоза тутиш бўйича энг яхши ҳикоя», ушбу мавзу бўйича «энг яхши бадиий асар», «энг яхши саҳна кўриниши» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, совғалар билан тақдирланди.
Фестивалнинг мақсади болаларга «ўзинг тишларингни ва оғиз бўшлиғини тоза тутишни ўргандингми, энди укаларинг ва сингилларингга, дўстларинг ҳамда қўшниларингга ва бошқаларга ҳам ўргат» деган ғояни тадбиқ этишдир.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.