Қишнинг ёғингарчилик ва совуқ кунлари бошланиб ҳарорат кескин пасайиб бормоқда. Биз яшаб турган хонадонларимизни иситиш учун электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки иситишнинг бошқа турли йўлларидан фойдаланамиз.
Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, бехосдан узилиб қолиши, хона ичида тўпланиши, табиий газни ёқиб қаровсиз қолдириш, қувурларни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида чақнаш, ёнғин ҳамда табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари каби турли фавқулодда вазиятлар содир бўлмоқда. Бундан инсонларнинг турли хил тан жароҳатлари олиши ёки айрим ҳолатларда ўлим билан якунланиши кузатилмоқда. Ушбу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда булар фуқароларнинг табиий газдан нотўғри фойдаланиши, назоратсиз қолдириши, иситиш қурилмалари, газ қувурлари уланган жойдан газ сизиб чиқиши, қўлбола иситиш мосламалари билан иситиладиган хоналарда мўри тўлиб қолиши оқибатида содир бўлаётгани аниқланмоқда.
Маълумот учун: ис гази хонадонларда, ташкилотларда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. У – рангсиз, ҳидсиз ва таъмсиз бўлади. Ис газидан заҳарланиш даражаси газнинг миқдорига, кишиларнинг заҳарланиш жойда қанча вақт қолиб кетганлигига ва бошқа кўрсаткичларга боғлиқ. Ис газининг организмга таъсири натижасида қонда кескин ўзгариш кузатилади, унинг таркибидаги гемоглобин билан реакцияга киришиб карбонсигемоглобин моддасини ҳосил қилиши натижасида тўқималарга кислород етиб келиши ва қондаги зарарли моддаларнинг ажралиб чиқиш жараёни бузилади. Бу эса организмда кислород танқислигини келтириб чиқаради, салбий таъсир кўрсатувчи зарарли моддаларнинг ҳусусиятларини билиш бугунги кунда хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Заҳарланиш унинг ҳаводаги таъсир муддатига боғлиқ бўлади ва улар енгил, ўрта ва оғир даражада бўлади. Бундай ҳолларда бош қаттиқ оғриб, қусиш, ҳушдан кетиш кузатилади ҳамда нафас олиш секинлашади. Баъзан ўлим ҳолатига олиб келади.
Бу борада Чимбой тумани ҳокимининг 2020 йил 27 октябрдаги “Аҳолининг ис газидан заҳарланиши, ҳаво ва газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва профилактик тадбирлар ўтказиш тўғрисида”ги 308-сонли баёни асосида секторлар кесимида туман мутасадди идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ишчи гуруҳ томонидан уйма уй юриб, аҳолининг ис газидан заҳарланиши, ҳаво ва газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Шундай тадбирлардан бири 1 – сектор ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида ўтказилди. Ўрганишлар давомида 6 та ижтимоий соҳа объектлари ва 2914 та аҳоли хонадонлари кўздан кечирилди. Тадбир давомида аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди. Бу каби тадбирлар давом этмоқда.
Е.Арзуев,
Чимбой тумани ФВБ бошлиғи,подполковник.