Яқин яқингача одамлар сил касаллигига чалинган беморлардан ўзини узоқроқ тортишга, иложи борича улар билан алоқаларни чеклашга ҳаракат қилардилар. Энг ачинарлиси, бу касалликка чалинган беморларнинг ўзларига нисбатан ишончсизлиги, тушкун кайфияти, жамиятдан узилиб қолаётганини ич ичидан сезиб, ёлғизланиб қолиши эди.
Агар 90 йиллардаги вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизда бу касалликка мойиллик даражаси анча юқори кўрсаткичларда ифодаланганини кўрамиз.
Бугунги кунда эса мамлакатимизда ҳолат мутлақо бошқача.
Яқинда Тошкент шаҳридаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида ташкил этилган семинарда ҳам сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш соҳасида нодавлат ва нотижорат ташкилотлар иштироки ҳамда давлат буюртмасининг аҳамияти хусусида фикр юритилди.
«INTILISH» Республика ахборот таълим маркази томонидан ўтказилган тадбирда ушбу касалликнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган халқаро лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот эшитилиб, таҳлил натижалари муҳокама қилинди.
“INTILISH” Республика ахборот таълим маркази раҳбари Татьяна Никитина сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш соҳасида давлат буюртмасининг аҳамияти, олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида нодавлат нотижорат ташкилотларини силга қарши кураш тадбирларини амалга оширишга жалб қилиш, шу билан бирга сил касаллигини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларга (болалар, мулоқотдаги шахслар, соматик профилдаги беморлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва бошқалар) ижтимоий-руҳий кўмак бериш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, давра суҳбати иштирокчиси Лола Қаландарова халқаро лойиҳанинг ижроси профилактик ва даволаш чора-тадбирларининг сифатига таъсир этишини эътироф этди. Беморлар ва уларнинг яқинларининг сил касаллиги бўйича хабардорлигини ошириш, даволанишга бўлган истагини кучайтириш мақсадида қилинаётган манзилли тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
“INTILISH” нодавлат нотижорат ахборот-таълим маркази ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш бўйича Глобал жамғарма билан ҳамкорликда беморларни психологик қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш қўлланмасини яратди. Тадбирда силга қарши курашиш борасида кўзланган натижага эришиш учун, давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ишларини кучайтириш кераклиги таъкидланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили ер юзидаги 10 миллиондан зиёд аҳоли сил билан касалланиб, 1,4 миллион киши шу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмади. Дунё миқёсидаги ҳисоботларга кўра сил касалликлари сони йил сайин камайиб бормоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар сил касалликларининг эпидемик ҳолатини барқарорлаштириш имкониятини яратди.
Сил тарқалганлик даражасини ўрганиш бўйича тадқиқот маълумотларига кўра ҳамон республикамизда силга қарши кўпгина дориларга турғунлик муаммоси сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикасида силга қарши тадбирлар ҳукумат ва халқаро ҳамкорлар кўмагида ЖССТ тавсияларига кўра муваффақиятли олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида силга қарши миллий дастур доирасида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўрни яққол сезилди.
Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами даволаш-профилактика муассасаларида латент силни ташхислаш ва превентив даволашга ёндашувларни аниқлашнинг янги тизими яратилди, давлат бюджети параметрлари доирасида сил иммуно диагностикасининг, шу жумладан туберкулино диагностикаси, диаскин тест, квантиферон тестнинг замонавий усуллари татбиқ этилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда сил касаллигининг олдини олишда ўз самарасини бермоқда.
Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби.