ЛОЙИҲА ҲУДУДДА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА


2018 йил Мўйноқ тумани «Ҳаким ота» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудининг Қизилжар массивида жойлашган яйловларни яхшилаш ва уларнинг унумдорлигини ошириш, ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида “Ажиниёз яйловлари“ ишлаб чиқариш яйлов кооперативи ташкил қилинди.

Ҳозирги кунда яйловда кооператив аъзоларининг 648 бош қорамоли, 2750 бош қўй-эчкиси, 95 бош от ва туяси боқилмоқда. Шунингдек, уларни боқиш учун яйлов яратиш ва мунтазам ем-хашак билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Яйловларнинг унумдорлигини ошириш ва кооператив фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва БМТ Доиравий конвенциясининг Мослашув (Адаптацион) жамғармаси томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш» қўшма лойиҳаси доирасида трактор, прицеп, лазерли ер текислагич, пресс-подборчик, суткасига 500 килограмм яшил ўт ишлаб чиқарувчи гидропоник ускуна, 115 квадрат метрлик иссиқхона, 2 гектар майдонда интенсив боғ яратиш учун кўчатлар ва қуёш энергияси ёрдамида ишловчи томчилаб суғориш тизими ҳамда суғориш учун мўлжалланган сув насоси берилди.

Бугунги кунда Нафиса Бойниязова раҳбарлик қилаётган ишлаб чиқариш яйлов кооперативининг моддий-техник базаси анча яхшиланди. Қўшма лойиҳа доирасида берилган ёрдамдан унумли фойдаланган ҳолда гидропоник ускуна ёрдамида яшил ўт ишлаб чиқарилмоқда. Улар беда, янтоқ, қамиш каби ўтлар билан аралаштирилган ҳолда молларга берилмоқда. Натижада 300 гектар яйловга ёки 75 гектар суғориладиган ерга бўлган эҳтиёж камайди. Жорий йил баҳорда 10 гектар майдонга тупроқни  ҳайдамасдан экиш технологиясида беда экилди ва яхши ҳосил олинди.

Лойиҳа доирасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган кенг кўламли ҳимоя ўрмонзорларини яратиш ишларига ҳисса қўшиш мақсадида кооператив 10 гектар майдонда саксовул кўчатини етиштирди. Ушбу кўчатлар денгизнинг тубида  2000 гектар майдонда саксовулзор яратиш учун етарли ҳисобланади.

– Мутахассислар томонидан “Ажиниёз яйловлари“ ишлаб чиқариш яйлов кооперативи кўчатхонасида ва  Орол денгизининг қуриган тубида тупроқдаги намликни ўзида сақлаш, ўсимлик илдизини намлик билан таъминлаш учун “UPL Limited“ халқаро компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “ЗEБА“ препаратини синовдан ўтказиш ишлари ҳам олиб борилди, – дейди қўшма лойиҳа мутахассиси Азат Тилеўмуратов.

Орол денгизининг қуриган тубида ҳар бир новда илдизига 15, 20, 30, 35 грамм “ЗEБА“ препарати берилиб, синов тажрибаси  ҳам ўтказилди.  Натижада ҳар бир новда  илдизига 35 грамм препарат қўллаш энг самарали усул экани маълум бўлди. Бунда новдаларнинг унувчанлиги 80-90 фоизни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, бош қароргоҳи Мумбайда жойлашган “UPL Limited“ экинларни ҳимоя қилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи жаҳондаги энг йирик  халқаро компания ҳисобланади. Ушбу компания 10 йилдан зиёд вақт мобайнида мамлакатимизда ўзининг юқори сифатли маҳсулотлари, илғор технологиялари, ғоя ва тажрибаларини қишлоқ хўжалигида жорий этиб, самарали фаолият юритиб келмоқда.

Маҳлиё РУСТАМОВА,

 ҚДУ Қорақалпоқ  филологияси ва журналистика факультети

4-курс талабаси.Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.