Электр энергетикаси иқтисодиётнинг “мотори” ҳаётни бу соҳасиз тасаввур қилиб бўлмайди


Ўтган ҳафтада Президентимиз раислигида электр энергетика соҳасидаги ишлар аҳволини чуқур таҳлил қилиш, тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган эди. Йиғилишда иссиқлик электр станциялари қувватларининг 84 фоизи қарийб ярим аср аввал ишга туширилган бўлиб, улар ҳам 83 фоизга ишлаётгани, ривожланган давлатларда 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи сарфланса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланаётгани алоҳида таъкидланиб, бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасида тегишли топшириқлар берилди.

Таъкидланганидек, электр энергияси асосан табиий газни ёқиш эвазига ишлаб чиқарилади. Газ ресурслари чекланган бугунги шароитда 2030 йилга бориб уни янада кўпроқ сарфлаш – тикланмайдиган табиий ресурсларнинг жуда катта миқдорини увол қилиш деганидир.

Албатта, юртимизда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, бу борада янги технологияларни жорий қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жирий йилда минтақамизда илк бор Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича тегишли ҳамкорлар билан музокоралар олиб борилди. Бўлиб ўтган йиғилишда Давлатимиз раҳбари бу ҳақда ҳам тўхталиб ўтди.

— Атом электр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини қисқартириш бўйича мутлақо янги ечимлардан бири бўлади, бироқ бунинг учун ҳали 8-10 йил керак. Шунинг учун мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, энг муҳими, қисқа вақтда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш лозим, — деди Президентимиз.

Ҳа, бугунги кунда электр энергиясига бўлган талаб борган сайин ортиб бомоқда ва ушбу ресурс­сиз ҳеч бир ишни юритиш имкони йўқ даражага келмоқда. Балки, ўтган асрда электр энергиясиз ҳам ишлаш имкони бўлгандир. Аммо, ҳозир бир соат электр энергияси ўчиб қолса, барча корхона-ташкилотлардаги ишлар бутунлай тўхтаб қолади. Шунинг учун ҳам тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бугунги куннинг долзарб масаласига айланмоқда.

Мана куз фаслининг ҳам ярми ўтди. Кўп ўтмай совуқ кунлар бошланади ва аҳолининг электр энергияга бўлган талаби янада ошади.

— Қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилиб, аҳолининг электр энергиясига бўлган талабини узлуксиз қондириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ техник директори — Шавкат Холимбетов. — Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018-2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дас­туриламал бўлаётир.

Ҳозирги кунда республикамиз бўйича жами 324  минг 742 та шахсий хонадонларга ва 13  минг 606 та юридик хўжаликларига 93 дона подстанция, 4 минг 824 дона трансформатор пунктлари орқали 20  минг 141,2 км ҳаво линияларида электр энергияси етказиб берилмоқда.

Президентимизнинг юқорида келтирилган қарори асосида  “Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан 2018 йилда жами 456 трансформатор пунктларида ва 1732,5 км ҳаво линияларида йирик таъмирлаш ишларини бажариш назарда тутилган. Шунингдек, 1108 трансформатор пунктлари ҳамда 4911,9 км ҳаво линияларида кичик таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган эди. Ҳозирги кунда жами 456 трансформатор пунктлари, 1631,7 км ҳаво линияларида йирик таъмирлаш ва 2022 трансформатор пунктлари, 7018 км ҳаво линияларида кичик таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, «Обод қишлоқ» дас­тури асосида 2018 йилда 71 трансформатор пунктлари, 176,6 км ҳаво линияларида  реконструкция ва янги қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Президентимизнинг 3175-сонли қарори асосида «Нукус фарм» саноат зонасини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 1 трансформатор пункти, 6,0 км ҳаво линияларида янгидан қурилиш ва  реконструкция ишлари бажарилди.

3 октябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда 30 йилдан кўпроқ вақтдан буён фойдаланиб келинаётган тармоқлар улуши 62 фоизни ташкил этиши, тақсимловчи тармоқларда линияларнинг 57 фоизи ва 39,6 минг­та трансформатор пункти янгиланиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳақиқатан ҳам тизимда 30-40 йилдан буён фойдаланиб келинаётган, айни даврда модернизация қилиш зарур бўлган тармоқ ва ускунарлар бор.  Ҳозирги кунда 6-10 кВ кучланишдаги 5224 км, 0,4 кВ кучланишдаги 5793 км электр узатиш тармоқлари ва 2619 дона трансформатор пунктлари 40 йилдан ортиқ вақтдан буён фойдаланиб келинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017 — 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ушбу эскирган электр тармоқлари ва ускуналари босқичма-босқич янгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунга кўра 2018 йилга режалаштирилган 27 трансформатор пунктларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилиб, режадаги 50 км ҳаво линияларининг 46,53 километрида ишлар якунланди.

Президентимиз юқорида келтирилган йиғилишида берган топшириқлар асосида биз ҳам ҳудудимиздаги эскирган ускуналарни янгиларига алмаштириш ишларини тезлаштириш бўйича зарур чораларни кўрмоқдамиз. Шунга кўра Нукус шаҳрида жойлашган 110/6 кВ «Нукус» ва 110/6 кВ «ЖБИ» подстанцияларида эскирген 110 кВ мойли ўчиргичларни элегаз ўчиргичларга алмаштириш ишларини йил охиригача якунлаш кутилмоқда.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоизки, электр энергиясига бўлган талаб йилдан-йилга сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бунинг бир неча сабаблари бор, албатта. Аввало, аҳоли, яъни хонадонлар сони ортиб бормоқда. Масалан, Нукус шаҳрининг ўзига сўнгги ўн йил ичида 20 мингдан зиёд хонадон қўшилган. Қолаверса, сўнгги йилларда қанчадан-қанча ижтимоий, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш объектлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо нуқталари бунёд этилди. Буларнинг барчаси фаолият юритиши учун қўшимча электр энергияси зарур албатта. Шу билан бирга кундалик ҳаётимизда электр энергияси билан ишловчи маиший техникалар сони ва турлари ҳам кун сайин кўпаймоқда.

Маълумотларга кўра мамлакатимизда жами 14 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. Юртимиз иқтисодиёти ривожланиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб 2030 йилга бориб 20 минг мегаваттга етиши кутилмоқда. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, ҳар биримиз кундалик турмушимизда электр энергиясидан “пулини тўлаб қўйибмиз” қабилида эмас, қайта тикланмайдиган ресурс сифатида тежаб-тергаб фойдаланишимиз зарур.

Ҳа, келгуси йилларда ҳам юртимизни электр энергияси билан узликсиз таъминлашда соҳа ходимларининг фидойилиги билан бирга ҳамюртларимизнинг  жонбозлиги ҳам талаб қилинади. Агарда оддийгина қўл телефонини қувватлантиришдан тортиб, маиший техника воситалари, иситиш тизимларидан фойдаланганимизда электр токини исроф қилмаслик нечоғлик муҳим эканлигини барчамиз англасак, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари билан унга бўлган талаб ўртасидаги тафовутни камайтиришга эришишимиз мумкин.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Электр энергетикаси иқтисодиётнинг “мотори” бўлиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, умуман ҳаётни бу соҳасиз тасаввур қилиб бўлмайди”.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.