Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари республикамизга келди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов республикамизга хизмат сафари билан келган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчилари ҳамда дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат делегация аъзоларини қабул қилди.

Қабулда М.Камалов элчиларни республикамизга ташрифи билан қизғин қутлаб, ­юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар, янгиланишлар билан таништириб ўтди.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда илгари бўлмаган ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилди. Нукус шаҳри, туман марказлари, ҳатто, олис овулларнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, бир қатор янгиланишлар юз берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан  Қорақалпоғистонда янада катта ислоҳотлар амалга оширилиши кутилмоқда.

Республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий, хусусан, ишлаб чиқариш ва инвестициявий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Жумладан, 444,7 км халқаро ва республика аҳамиятига молик ҳамда 408,1 км маҳаллий ва ички автомобиль йўлларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 90,9 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг сув таъминотини, 208 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва 45 минг гектар экин ерларида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, 2020-2022 йилларда ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 12,3 трлн сўмлик 1 359 та лойиҳани ишга тушириш ва 17,5 мингта янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, 523 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, йиллик экспорт ҳажмини 347 млн долларга, экспорт қилувчи корхоналар сонини 250 тага, экспорт географиясини 45 та мамлакатга етказиш ҳамда экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар турини 30 тадан ошириш, халқаро молия институтларининг 1 млрд доллар миқдоридаги маблағларини муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириш ва бошқа йирик лойи­ҳаларни амалга ошириши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиларининг республикамизга келиши, туман (шаҳар)лардаги янгиланишлар билан танишиб, амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларини, имкониятларни ўрганиши, ўзлари элчи бўлиб турган давлатларидан инвестициялар жалб қилиб, ушбу ишларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиши, қарорда кўрсатилган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига, республикамизнинг янада ривожланиб, халқимиз турмушининг яхшиланишига замин яратади.

Учрашувдан сўнг делегация аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ташкил этилган “Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий ва экспорт имкониятлари” мавзусидаги кўргазмали тақдимотлари билан танишди. Бу ерда улар Нукус шаҳри ва туман ҳокимлари, шунингдек, тадбиркорлар билан учрашиб, мулоқот қилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Нукус шаҳридаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, вазирлик ва ташкилотларнинг презентациялари билан танишиб, ҳамкорлик қилиш борасида фикр алмашди.

— Ҳозирги вақтда Президентимиз раҳбарлигида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий вакили Б.Ибрагимов. — Айниқса, Оролбўйи минтақасини иқтисодий ва инвестициявий технологиялар зонасига айлантириш борасида БМТ резолюцияcини қабул қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад – яшил энергия ва сув тежовчи техникаларни ушбу ҳудудга кенг жорий қилиш орқали ҳудуддаги экологик ҳолатни, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, иқтисодий ривожланишини таъминлашдан иборат. Делегациямиз маҳаллий инвестиция лойиҳалари билан танишиб, масъул раҳбарлар билан мулоқотлар олиб бориб, маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича таклифларини ўрганиб, ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилган.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчилари 25 декабрга қадар республикамиздаги ўзларига бириктирилган туманларда бўлиб, жойлардаги инвестиция дастурлари, экспорт имкониятларини ўрганиб, туман (шаҳар) ҳокимларининг ҳудудга инвестиция олиб кириш, экспорт ва бошқа дастурлари бўйича аниқ таклифларини тинглаб, ҳамкорлик бўйича келишувларни амалга ошириши белгиланди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.

 А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.