Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси тўғрисида ахборот


Ўтган йилнинг 28 декабрь куни Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Видеоалоқа шаклида ўтказилган сессияда ҳукумат аъзолари, секторлар ва соҳалар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари туман, шаҳар студияларидан қатнашди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Таъкидланганидек, сессияда кўриладиган муҳим масалалардан бири бу —  2021 йилнинг бюджети саналади. Президентимиз томонидан яратилган имкониятлар натижасида бу йил Бюджет параметрларининг ортиқча бажарилган қисми ҳудудлар ихтиёрида қолдирилиб, бу маблағлар биринчи навбатда пандемия даврида аҳоли саломатлигини сақлаш, озиқ-овқат хафвсизлигини таъминлаш, кам таъминланган, оғир турмуш шароитидаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга  моддий ёрдам кўрсатишга сарфланмоқда. Шунингдек ота-онасидан айрилган, боқувчисини йўқотган талабаларга, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг олий таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларининг бир йиллик шартнома тўловларини тўлаб бериш, мактаб интернатлари, аёллар ва эркаклар Мурувват уйларидаги фуқаролар учун турли зарур анжомлар сотиб олиш, янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва уларнинг  моддий техник базасини мустаҳкамлаш, йўлларни таъмирлаш, кўчаларни ёритиш, ичимлик суви тармоқларини янгилаш, энг оғир ҳудудларни ободонлаштириш каби кенг кўламли ишларга йўналтирилмоқда.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикасининг 2021 йилги Бюджетини тасдиқлаш тўғрисидаги масала бўйича Молия вазири М.Содиқов маъруза қилди. Бу масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов, Жўқорғи Кенгеснинг бюджет, иқтисодий ислоҳотлар ва инвестициялар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари, депутат О.Бекбергенов сўзга чиқди ва депутатлар тегишли қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тўғрисида Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси З.Реймова маъруза қилди. Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси  К.Тарихов сўзга чиқди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда,  Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишларнинг ҳисоботи ҳақидаги масала бўйича ҳудудий бошқарма бошлиғи Т.Бакеевнинг ахбороти тингланди. Бу масала бўйича депутатлар тегишли қарор қабул қилишди.

Кун тартибидаги «Ҳудудга коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, санитария ва гигиена қоидаларига  амал қилиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳақида»ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Б. Қутлимуратовнинг ҳисоботи тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда белгилаб олинган бешта муҳим ташаббус доирасида ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси сектор раҳбарларининг ҳисоботлари ҳақида»ги масала бўйича  Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Д.Бекчановнинг ҳисоботи тингланди. Депутатлар бу бўйича тегишли қарор қабул қилди.

 Кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 декабрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси кўриб чиқилди. Бу масала бўйича Сув хўжалиги вазири ­Ж.Узақовнинг ҳисоботи тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда «2020 йилнинг иккинчи ярмида жойларда норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати ҳақида»ги масала бўйича республика Адлия вазири С.Мамбетқадировнинг маърузаси тингланди. Депутатлар бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг “Қорақалпоғистон Республикасида ичимлик суви ва оқава сув тизимини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан “Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти бошлиғи А.Қудайназаровнинг ахбороти  тингланди. Бу бўйича депутат З.Керимзатов нутқ сўзлади ва тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган қарорларни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.