Намунали ҳарбий оила


“Болам, бизларни соғиндим деб ҳарҳаша қилма. Ҳарбийга турмушга чиқдинг. У юрт ҳимоячиси! Сенинг ҳар бир оқилона ҳаракатинг унинг тинчлигини, осойишталигини таъминлайди. Ҳарбий хизматда ҳам кўнгли ҳотиржам, Ватанга хизмат қилади. Биз сени яхши кўрамиз. Оқ йўл!”. Ҳарбий оила бекаси бўлмиш Меҳриёнинг ўз онасидан олган шу дуосига ҳам 10 йилдан ошди. Ҳарбий билим юртини тамомлаган Абдурахмон Тўлашев билан турмуши ва гўзал водийдан минг чақирим йўл босиб, Нукус шаҳрига келиб яшаётган даврида онасининг ушбу дуоси унга мадад бўлмоқда.

Яқинда, Мудофаа вазирлиги қўшинларида бўлиб ўтган “Намунали ҳарбий оила” кўрик-танловининг якуний босқичида энг намунали оила тимсоли сифатида эътироф этилиб, фахрли 1 ўринга майор Абдурахмон Тўлашевлар оиласи лойиқ деб топилди.

Бугунги қаҳрамонларимиз Абдураҳмон Тўлашев ва Меҳриё Тўлашева Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Чинобод қишлоғидан. Улар 2011 йилнинг июнь ойида турмуш қуришган. 2010 йили юртимизнинг энг нуфузли ҳарбий билим юртларидан бири Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юртининг қуруқликдаги қўшинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тактик қўмондонлиги мутахассислигини тамомлаб, Нукусда ҳарбий хизматни бошлаган Абдураҳмон айни пайтда Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг ҳарбий қисмларидан бирида, зенитчилар батареяси командири лавозимида ишлаб, ўз касбига профессионал ёндашуви ва ватанпарвар, фидойи ҳарбий хизматчи сифатида шахсий таркибга ўрнак бўлиб келмоқда.

Меҳриё — нафақат оилапарвар бека балки, жонкуяр қўшни, маҳалла фаоли, пазанда ва меҳрибон она, мактабда ўқитувчи ва илмнинг ортидан комилликка интилаётган университет магистранти ҳамдир.

— Оилада тўрт қизмиз. Мен эса энг кичиги, — дея сўз очади Меҳриё. Опаларим зиёли, ўқимишли. Мен, 2011 йили Андижон давлат университетини ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича тамомлаб, турмушга чиққанман. Ўн йилдирки, Нукусда яшаяпмиз. Ўғлим ва қизим ҳам Нукусда туғилишди. 2015 йилдан буён Нукус шаҳридаги 41 сонли мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бериб келаман. 2019 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистратура босқичига бюджет асосида ўқишга кирдим. Ҳозирда “Ўзбек ва қорақалпоқ тилларида феълларнинг аффексация усулида ясалиши” номли илмий иш билан машғулман. Келгусида ҳарбийнинг академик аёли бўлиш истагим ҳам бор. Аёл қачон бахтли бўлади, қачонки, унинг ёнида уни тушунган ва доим қўллаб-қувватлайдиган азиз инсони бўлса.

Меҳриё билан оила ҳақида мароқланиб суҳбатлашдик. У оиланинг мустаҳкам бўлишида, аввало, катталар ўгитига амал қилиш кераклигини алоҳида таъкидлайди.

— Ўйлаб қарасам, ибрат, намуна бўлиш бизга мерос экан. Бир неча йиллар аввал, бувижоним раҳматли маҳалламизда “Энг яхши қайнона”, онажоним эса “Энг ибратли бека” деб эътироф этилган эди. У пайтларда маҳалла овозга қўяр, ҳеч қандай тадбирлар бўлиб ўтмасди. Ўтган йили “Наврўз” байрамида ойижоним “Маҳалланинг энг ибратли қайнонаси” ва мен келин бўлиб тушган Тўлашевлар хонадони “Маҳалланинг энг ибратли хонадони” сифатида туманимизга намуна бўлган эди. Қайнотамнинг халқпарвар инсон эканлиги бугун ўғилларига ҳам ўтган. Мен бу хонадонга келин бўлиб тушганимдан фахрланаман.

Меҳриё оиласи ҳақида тўлқинланиб гапирарди. Айниқса, турмуш ўртоғига бўлган чексиз ҳурмати ва муҳаббати оилаларга чин маънода ибрат бўлгулик.

— Тўйимиз куни турмуш ўртоғим менга “Ҳаёт чорраҳа мисол. Менда қизил ёнса, сиз яшилни ёқинг!” деган. Мана, шунча йиллар ўтди. Иккимизга бу сўз қоидадек, амал қилиб, тинч ва фаровон, бахтли яшаяпмиз.

Майор Абдурахмон Тўлашев ҳам табиатан босиқ, давраларда эса қувноқ образ қиёфасида намоён бўлади. Хизматдошлари ҳам Абдураҳмон ҳақида илиқ фикрлар сўзлашади.

Ҳар ким оилани фаҳму фаросати, тарбияси асосида қуради. Оила тўкинлиги, фаровонлиги икки инсоннинг ўзаро ҳурмати, меҳру-муҳаббат бўстони билан яратилади. Шу ўринда бир ривоятни келтиришни жоиз деб билдим. Зеро бу ривоят ва майор А. Тўлашевларнинг бахтли оиласининг ўзига хос сирлари ёш оилаларга ибрат бўлса.

Ривоят қилишларича, одамлари тинчгина тирикчилигини қилиб, меҳнат билан машғул бўлиб юрган юртга кутилмаганда ёв бостириб киради. Эл орасидаги ўн ёшдан эллик ёшгача жамики эркакларни асир олиб, қўлларини боғлаб, қул қилиш учун ўз юртларига ҳайдаб кетиш тараддудига тушибди. Шунда қавм орасидан Бибиойша исмли ёш келинчак ёв лашкарбошиси олдига қўрқмай, дадил кириб борибди ва ундан элга зуғум қилмай, меҳр шафқатли бўлишни талаб қилибди. Лашкарбоши ҳеч бир мусулмон юртида бундай жасур аёлни кўрмаган экан, таажжуб ила:

— Сенинг киминг бор ўзи?, — дебди.

— Қирқ яшар эрим ва ўн яшар ўғлим ҳайдалиб кетяпти — дебди аёл.

— Гўзал экансан, жасурликда ҳам қолишмайсан. Майли сенга биттасини қолдираман. Айт кимни танлайсан?, — деб сўрабди лашкарбоши.

— Эримни қолдиринг. Эрим омон бўлса, ҳали ўғиллик ҳам бўлаверамиз, — дебди тап торт­май.

Лашкарбоши кўзлари косасидан чиққудай бўлиб.

— Топдинг-а, агар ўғлимни қолдир, деганингда, сени бебошвоқ деб каллангни олмоқчи эдим. Қани, энди менинг хотиним ҳам сендай вафодор бўлса! Сендай эрга садоқатли, доно аёл учун овулингдан ҳеч кимни асир олмаганим бўлсин! — деб ҳамма бандиларни озод қилиб юборибди.

Дарҳақиқат, аёлнинг донолиги ва жасурлиги туфайли нафақат битта оила балки бутун бир халқ ёвузлар зулмидан озод бўлган эди. Оила мустаҳкамлилиги ва умрбоқийлиги эр-хотиннинг бир-бирига нисбатан бўлган ишончи, меҳр-муҳаббати туфайли узоқ йиллар давомида сақланиб қолади. Аёл сабр-қаноатли, хушхулқ ва саранжом-саришта бўлсагина, ҳамиша ҳурмат-иззатда бўлади. Аёл бўлажак она, унинг ҳар бир ҳаракати фарзандларида ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам аёл зоти ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини тута билмоғи, яхши турмуш учун чин дилдан интилиши лозим.

Шоҳиста АБДУРАХМАНОВА,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бош мутахассиси, Қуролли Кучлар хизматчиси.