Мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи томонидан жуда кўплаб тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона вилояти ёшлари ўртасида “Вилоятдаги тенгдошим” номли учрашув бўлиб ўтди. Видеоконференц алоқа тизими орқали ўтказилган учрашувда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ҳамда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирок этди.
Сўнгги йилларда юртимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол, маънавиятли, маърифатли бўлиб вояга етиши учун катта эътибор қаратилмоқда.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ёшлар билан суҳбати давомида миллий армиямиз яратилиш тарихи ва истиқболлари, юртимиз ҳимоячилари томонидан қўлга киритилаётган улкан ютуқ ва марралар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига белгиланган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Юртимизнинг эртанги куни, тинчлиги ёшларнинг қандай инсон бўлиб камол топишига боғлиқ. Демакки, ҳар биримизнинг вазифамиз – ёшлар ўз салоҳиятини ва ватанпарварлигини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат дея таъкидлаб ўтди қўмондон ўз нутқида.
Тадбир давомида қорақалпоғистонлик ёшлар фарғоналик тенгдошлари билан онлайн мулоқот қилишди.
Бадиий кечага уланган учрашувда куй ва наволар янграб, шеъру рубоийлар тингланди. Фаол ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирдан сўнг ёшлар учун Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирига экскурсия ташкил этилди. Қудратли ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта таассуротлар қолдирди.