«Нукус» дала-ўқув майдони янгича қиёфада


Ўтган йилнинг 3 декабрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округдаги “Нукус” дала-ўқув майдони тантанали равишда очилган эди.

Таъкидлаш лозимки, “Нукус” дала-ўқув майдонида эндиликда халқаро миқёсдаги армия ўйинларини ҳам ўтказиш имкони бор.

Бугунги кунда барча ҳарбий округларда қўшин турларининг замонавий жанговар тайёргарлик амалиётларини жаҳон стандартлари асосида кенг татбиқ этиш учун ана шундай дала-ўқув майдонлари қайта такомиллаштирилмоқда.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори кўмаги билан “Нукус” полигонида 13 та ҳарбий ва ижтимоий объектларда тўлиқ капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Хусусан, полигонда замонавий кўринишда ихчам ва қулай шарт-шароитларга эга бўлган 400 ўринли иккита ётоқхона ва ўқув биноси ҳамда 300 ўринли ошхона янгидан қурилиб, зарур ­ускуналар билан жиҳозланди.

Шунингдек, полигонда бошқарув пункти, 7 та ўқув синфи, 10 та ўринли тиббиёт пункти ҳамда ҳарбий хизматчилар учун кафетерий қайта қурилди. Махсус бўлинмалар билан жанговар тайёргарлик машғулотларини реал вазиятга максимал даражада яқинлаштирилган ҳолатда ўтказиш мақсадида разведка бўлинмалари учун яқин жанг олиб бориш шаҳарчаси, мерганлар йўлаги ҳамда тактик ва махсус машқларни бажаришга мўлжалланган кўп қаватли бино қад ростлади.

Ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан чиниқиши ҳамда турли спорт ўйинлари билан шуғулланиши учун мини-футбол стадио­ни, гимнастик ­шаҳарча, волейбол майдончаси ҳамда рингни ўз ичига олган очиқ спорт мажмуи барпо этилди.

Жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлашга мўлжалланган янги ­жанговар техникалар парки, радиацион, кимёвий, биологик қуроллардан ҳимояланиш шаҳарчаси, жамоавий руҳий барқарорликни шакллантириш иншоотларида қурилиш ва замонавий андозалар асосида жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Барча куч ва воситаларни бошқариш, ҳамкорликдаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида замонавий дизайн ва барча қулайликларга эга бўлган 2 қаватли қўмондонлик кузатув минораси қурилди. Ўқ отиш тирлари ҳамда БТР ва танкдан ўқ отиш директрисаси такомиллаштирилди.

Ушбу полигонда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларидан ташқари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлигининг ҳарбийлашган бўлинмалари ҳам назарий билимларини амалда мустаҳкамлаб келмоқда.

Бугунга қадар “Нукус” дала-ўқув майдонида жанговар тайёргарлик дастури бўйича машғулотлар билан тўлиқ шуғулланиш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг яшаши учун етарлича шароит ва имконият бўлмаган. Олиб борилган кўламли ишлар натижасида чўлнинг ўртасида жойлашган “Нукус” полигони саҳродаги “оазис” каби бу ерга янги ҳаёт бағишлаб, эндиликда юрт ҳимоя­чиларининг жанговар шайлигини юксалтиришга катта ҳисса қўша олади.

Тимур Нарзиев,

Майор. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи.