Мусаффо табиат учун барчамиз масъулмиз


Илм-фан хулосаларидан маълумки, қачонки табиат ва инсонлар орасидаги мувозанат бузилса инқироз юзага келади ва бу инсон учун хатарли бўлган муҳитни ҳосил қилиб,  турли офатлар, касалликлар, катаклизмларга сабаб бўлади.

Минг йиллардан буён, табиатни асрашга қилинган даъватларга қарамай, инсониятнинг табиатга зарари ортиб бормоқда. Зардуштларнинг «Авесто» китобида ёзилишича, қадимда ҳаттоки ариқлар, каналлар бўйига мевали дарахтлар экиш таъқиқланган, чунки, мевалар пишиб,  сувга тушиши, чириб сувни ифлослантириши, микроб тарқатиши мумкин. Мевали дарахт шохини синдирганларга нисбатан ҳам чора кўрилган. Бу чоралар ҳам табиатни асрашга, тозалашга қаратилган.

Фан ва динни қўйиб туриб, оддий инсон сифатида мушоҳада қиладиган бўлсак, болалигимизда момоларимиз сувга қараб тупурма, тупурсанг гуноҳ бўлади, дейишарди. Олма еб, пўчоғини кўчага улоқтирсак, териб олиб сигирнинг охурига олиб бориб ташлатарди. Ариқлардан қўлимиз билан сув олиб ичардигу, ҳеч кимнинг қорни оғримасди. Ҳозирчи, қишга бориб каналларда сув камайганда, тагидаги аҳлатларни кўриб, ёқа ушлайсан. Ҳатто баъзи жойларда оқова сувлар каналларга чиқарилган.

Айниқса, соҳам туризм бўлгани учун, туристларни машиналарда олиб юрганимизда, трассалар бўйлаб сочилиб ётган аҳлатларни кўриб, хижолат бўлиб қоламиз. Буюк аждодлари бор халқ учун шу тўғри келадими? Нимага олдин аҳлат сочиб, кейин уни йиғиш учун катта катта ташкилотлар ташкил қилиб, катта пуллар сарфлаб уларни йиғиб адо қилолмаймиз. Нимага олдин сувни ифлослантириб, кейин фалон пулга филтр сотиб олиб қўямиз? Шунчалик қийинми оддий қоидаларга риоя қилиб, атрофимизни тоза озода сақлаш. Бунинг учун фарзандларимизга боғча, мактабдан тўғри билим бериб, экология, атроф-муҳитнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги аҳамиятини тушунтириб боришимиз лозим.

Ўйлаб кўрсак, ранг баранг гуллар униб чиқиб, мевалар пишиб бутун жонзотни боқаётган ерни, ҳатто тепкилагинг келмайди. Биз келажак учун жавобгармиз. Бу фақат олимлар, экологлар, депутатлар иши эмас, ҳар биримизнинг  фарзандларимиз, невараларимиз келажаги учун яратган олдидаги, она Ватанимиз олдидаги инсонийлик бурчимиздир.

Д.Каримбердиева,

Халқ депутатлари Тўрткўл туманКенгаши депутати.