Ислоҳотлар — инсон саломатлигига хизмат қилади


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган мақсад ва вазифалар Янги Ўзбекистонни барпо этишда халқимизга катта куч, шижоат бағишламоқда.  

Президентимиз томонидан 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди.

Бу эса юртимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини  яхшилаш баробарида биз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига жуда катта масъулият юклайди. 

Президентимиз Мурожаатномада буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзларига алоҳида аҳамият қаратиб, мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга кўтаришимиз зарурлигини таъкидлади. “Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши лозим”, деди давлатимиз раҳбари.

Мурожаатномада коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этиш, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтириш, она ва бола саломатлигини сақлаш, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларни 7 турдаги витаминлар, болаларни паразитар касалликларга қарши дори воситалари билан бепул таъминлаш, камқонликни камайтириш, бирламчи бўғинни кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, “тиббий бригадалар” ташкил этиш каби кўплаб соҳадаги муҳим вазифалар ҳамда муаммоларга эътибор қаратилди.  Шунинг­дек, ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, ҳамда туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилиши, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиши,  ўрта бўғин тиббиёт ходимларига “ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланишлари учун рухсат берилиши, онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилиши, ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказларнинг ташкил этилиши бу юртимизда инсон ва унинг соғ­лом ва фаровон ҳаёт кечириши йўлида қилинаётган эзгу ислоҳотлардир. 

Мана, янги — 2021 йил ҳам кириб келди. Якунланган 2020 йил мамлакатимизнинг барча соҳалари қатори  соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам қатор изчил ислоҳотлар амалга оширилди. 

Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида кўрилган барча чора-тадбирлар натижасида мазкур касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида ижобий самараларга эришилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғис­тон Республикасида 1,9 миллион нафар аҳолига  38 стационар шифохона ҳамда 146 амбулатория-поликлиника муассасалари хизмат кўрсатади. 35 та қишлоқ врачлик пункти, 69 та қишлоқ оилавий поликлиника, 17 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 9 та шаҳар ва оилавий поликлиника ҳамда 16 та туман ва битта шаҳар тиббиёт бирлашмаси шулар жумласидандир.

Маълумки, сўнгги йилларда соҳани чуқур ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳага илғор, замонавий тиббиёт технологияларини татбиқ этиш, даволаш масканларини кўпайтириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларини зарур дори воситалари билан таъминлаш, бирламчи тиббий санитария ёрдам кўрсатиш ­фаолиятини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Эътиборлиси, республикамиздаги мавжуд 69 та қишлоқ оилавий поликлиникаларида аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари, тез ёрдам шохобчалари ҳамда ижтимоий дорихоналар ташкил қилинди.  Шунингдек, 2017-2019 йилларда тез тиббий ёрдам тизимида 84 та янги «Дамас» русумли ҳамда 18 та реанимобиллар келтирилиб, тез тиббий ёрдам машиналари сони 167 тага етти.    

Аҳоли саломатлигини сақлашда соҳада беминнат хизмат қилаётган жами 4 минг 305 нафар шифокор ҳамда 17 минг 901 нафар ўрта бўғин тиббиёт ходимларининг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сўнгги уч йил давомида 73 та объектда  янгидан қурилиш, реконструкция ҳамда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 2017-2020 йиллар давомида 49,3 млрд. сўмлик, 2020 йилнинг ўтган саккиз ойи давомида жами 13,3 млрд. сўмлик тиббий асбоб-ускуналар келтирилди.   

Бугунги кунда  соҳада хусусий секторнинг ролини ошириш энг муҳим масалалардан. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2017 йилда хусусий тиббиёт марказлари сони 142 та бўлган бўлса, 2020 йилнинг август ҳолатига бу кўрсаткич  230 тага етди. Яъни, ўтган йилда 26 та янги хусусий даволаш масканлари ташкил этилиб, шундан  7 тасининг фаолияти кенгайтирилди.

Республика ихтисослаштирилган марказларнинг Қорақалпоғистон филиаллари томонидан олдин бажарилмаган 12 турдаги юқори даволаш усуллари жорий этилди. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида 25 та ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил этилди.

Умуман олганда, соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, аҳоли саломатлигини сақлаш ва уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишдан иборат. Зеро, тараққиёт сари олға дадил ­бораётган юртимизда инсон омили ва унинг қонуний манфаатлари ҳамма нарсадан устундир. 

М.Қурбанов,

Қорақалпоғистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазири.