Кўнгиллиларнинг меҳнати эътироф этилмоқда


БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Оролбўйи ҳудудида энг фаол саломатлик кўнгиллиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Кўнгиллилар туфайли биз ҳаммасини уддалаймиз!» шиори остида бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

– Ҳудудда саломатлик кўнгиллиларини тайёрлаш БМТнинг Тараққиёт Дастури ­фаолияти доирасида 2012 йилда бошланган эди, – дейди қўшма дастурнинг саломатлик бўйича мутахассиси Гулнора Жапақова. – БМТнинг кўнгиллилар дастури (БМТКД) кўмагида бугунги кунга қадар 3710 нафар кўнгилли ўқитилган бўлса, шундан 2017-2019 йиллар мобайнида амалга оширилган БМТнинг «Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дас­тури доирасида 2081 нафар кўнгилли ­тайёрланди. Натижада улар 386906 нафар аҳолининг тиббий маданиятини оширишга ёрдам берди.

Асосий мақсад аҳоли орасида ўпка, ошқозон-ичак, юрак-қон томир касалликларининг профилактикаси ҳамда оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашни тарғиб қилишдан иборат. 2020 йил давомида эса асосий мавзу – коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVID-19 га стратегик ­тайёргарлик ва қарши тура олиш бўйича Режасида кўнгиллиларнинг роли алоҳида баҳоланган.

–Дарҳақиқат, бугунги синовли кунларда аҳолининг коронавирус ва бошқа касалликларни енгиб ўтишида кўнгиллиларнинг ёрдами беқиёсдир, – дея Қорақалпоғистон Республикасидаги саломатлик кўнгиллиларининг меҳнатини юксак эътироф этди БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска байрам муносабати билан йўллаган табригида.

Ўтган йили БМТ Тараққиёт Дастури,  Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, БМТКД Европа ва МДҲ бўйича минтақавий офиси кўмагида 6 номинация бўйича энг фаол кўнгиллилар муносиб рағбатлантирилди. 

Хавфсизлик чораларига ва карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтган йилнинг декабрь ­ойида Тахтакўпир, Бўзатов, Чимбой, Кегейли, Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шўманой, Хўжайли ва Нукус туманларида ғолиб бўлган волонтёрларга уяли телефон, планшет ва патронаж сумкалари тақдим этилди.

Шунингдек, БМТ Тараққиёт Дастури ЮНФПА билан ҳамкорликда, Япония ҳукуматининг ­молиявий кўмагида Оролбўйи ҳудудида маҳаллий аҳолини экологик, иқтисодий қийинчиликлар даврида барқарорлик салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида ­фаолият олиб бормоқда. Дастурни амалга ошириш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига «Coca-Cola» жамғармаси маблағи ҳисобидан 4 дона ИВЛ аппарати, 165 дона кислород концентратори, Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида 6 дона ИВЛ аппарати COVID-19 касаллигига чалинган беморларни даволаш учун топширилди.

Бундан ташқари, коронавирус профилактикаси бўйича ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида 115000 дона ахборот ­нашри, ­постерлар, 20 минг дона тиббий ниқоб тақдим этилди. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ва кўнгиллилар ҳимоя комбинезонлари, махсус кўзойнаклар, антисептиклар, масофавий ҳарорат ўлчагичлар ва пульсоксиметр каби тиббий анжомлар ва махсус ускуналар билан таъминланди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.