Ҳақиқатан ҳам 2020 йил халқимиз учун оғир ва синовлар йили бўлди. Шу жумладан, Амударё ҳавзасида жорий йил сув миқдорининг нисбатан кам бўлгани қорақалпоғистонлик сувчилар ва деҳқон-фермерларни яна бир бор синовдан ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришда энг тез натижа берадиган омил бу – қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни кескин ошириш, эканлиги таъкидланди. Биламизки, ҳосилдорликни ошириш сув таъминоти ва мелиорация тадбирлари билан бевосита боғлиқдир.
2020 йилда Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари ва алоҳида қарорлари билан Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Президентимиз 2020 йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эдилар. Мазкур вазифалар доирасида Қорақалпоғистонга 200 та лазер қурилмаларини олиб келиш белгиланган бўлса, ҳозиргача 100 га яқини олиб келинди ва бу ишлар уюшқоқлик билан давом қилмоқда. Шунингдек, барча туманларда икки маротаба вазирлик, сектор раҳбарлари ва олимлар иштирокида ер майдонларини лазер қурилмалари ёрдамида текислаш ва шўр ювишни ташкил этиш бўйича кўргазмали илмий-амалий семинарлар ўтказилди.
Айниқса, 2020 йилнинг 5 декабрида Президентимиз томонидан “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани нафақат сувчилар ва деҳқон-фермерларни, балки, бутун халқимизни чексиз қувонтирди. Қарор доирасида кейинги 3 йилда 41 минг 900 гектар майдонни илғор суғориш усулларига ўтказиш белгиланган. Жумладан, 2021 йилда 9 минг 423 гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланган эди.
Биз, бу борада берилаётган топшириқлар ҳамда Мурожаатномадаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, келгуси йилнинг ўзида 24 минг гектарда тежамкор технологияларни жорий қилишни режалаштириб олдик.
Республикамиз ҳудудларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб қолган ер майдонларни қайта ўзлаштириш вазифаси ҳам бизнинг зиммамизда. 2020 йил жами 11 минг 905 гектар ер майдонлари фойдаланишга киритилган бўлса, 2021 йил 12 минг гектардан ортиқроқ майдонларни қайта ўзлаштириш режалаштирилган.
Президентимиз Мурожаатномасида келтирилган устувор вазифалардан биз ҳам ўзимиз учун янада катта марраларни белгилаб олдик. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар гектар ердан олинадиган даромадни ҳозирги ўртача 2 минг доллардан камида 5 минг долларгача етказиш бўйича сув хўжалиги соҳасида барча зарур тадбирларни амалга оширамиз.
Ж.Узақов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири.