Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, янгиланиш, ўзгариш ва улкан бунёдкорликларга гувоҳ бўламиз. Пойтахтимиз Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қонликўл ва бошқа туманларда амалга оширилаётган кенг кўламли
қурилиш ишлари барча юртдошларимизни завқлантириб, фахр-ифтихор туйғусини уйғотмоқда.
Айниқса, Янги йил арафасида барча шаҳар ва қишлоқларимиз янада чирой очиб, янги, замонавий қиёфа касб этди. Нукус шаҳри ва туман марказларида қад ростлаётган баланд ва кўркам кўп қаватли турар –жойлар неча юз минглаб юртдошларимизнинг бахтли ҳаётига асос бўлмоқда. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларининг қурилиши аҳоли бандлигини таъминлаш баробарида, иш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар аввало юртимизда аҳоли ҳаёт фаровонлигини ошириш, уларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашларига замин яратмоқда.
2020 йилда қурилиш соҳасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Инвестиция дастури лойиҳасига Қорақалпоғистон Республикаси бўйича дастурга киритилган объектлар белгиланган муддат асосида фойдаланишга топширилмоқда.
Мазкур объектларда назорат қилувчи инспекциялар томонидан ишларни ташкил этиш, қурилиш-монтаж ишларининг сифати бўйича мониторинглар ўтказилмоқда.
Инвестиция дастурига киритилиши режалаштирилган ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари буюртмачи ташкилотлар буюртмасига асосан маҳаллий лойиҳа ташкилотлари томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги қарорига асосан Нукус шаҳри ва Тахтакўпир шаҳар посёлкаси бош режаси ишлаб чиқилиб, Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашидан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, 2020 йилда Қўнғирот туманидаги 7 та аҳоли пунктларининг батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланди.
2021 йилда Қораўзак ва Кегейли шаҳар типидаги посёлка бош режалари ишлаб чиқилиши белгиланган.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларини одамларимиз қалбан ҳис қилиб яшамоқдалар. Зеро, ободлик кўнгилдан, олис манзилларнинг ободлигидан бошланади.
Ж.Бердиханов,
Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазири.