ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ БОРКИ, ЮРТИМИЗДА ТИНЧЛИК-ТОТУВЛИК БОР


Республикамизда Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланди.

Байрам тадбири 14 январь куни пойтахтимиздаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, уруш ва меҳнат фахрийлари номидан гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида мукофотланган бир гуруҳ ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига давлат мукофотлари, орден ва медаллар, кўкрак нишонларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий –маъмурий сектор раҳбари М.Камалов Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан Ватан ҳимоячилари куни байрами билан табриклади.

Табрикда таъкидланганидек, ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

 Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун имкон берди.

Мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, бўлинмаларни бошқаришда ахборот технологияларини кенг қўллаш, жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратни ошириш бундан кейин ҳам устувор вазифаларимиз бўлиб қолади.

Таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимиз мудофаа салоҳиятини кучайтириш, Қуролли Кучларни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг мудофаа қудрати ва ҳарбий техник салоҳиятини юксалтириш, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашда беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Юртимизда яратилган имкониятлар натижасида 2020 йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 та объектда 6 миллиард 556 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Ҳарбий сектор учун 9 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, ҳарбий ва Миллий гвардия хизматчиларига 90 квартирали 3 та уй –жой топширилди.

Мудофаа вазирлиги томонидан 2 та объектда 15 миллиард сўмлик йирик таъмирлаш ишлари олиб борилди.

2021 йил учун Жўқорғи Кенгес қарори билан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Бу орқали объектларда жами 11 миллиард 500 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Шундан сўнг, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” мавзусидаги концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, офицер –сержантлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.

И.МАТЕКОВ олган сурат.