Кимки улуғроқ, анга хизмат кeрак, Улки кичикроқ, анга шафқат кeрак.


Инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилган. Инсон энг аввало, инсон сифатида эъзозланса, аёл киши аёллиги учун алоҳида ҳурматга сазовор. Шунингдек, ёши катталар ҳам ёши улуғлиги ҳамда илм ва катта тажрибага эга дуогўй инсон сифатида ҳурмат қилинади.

Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”,  дедилар.

Бу ҳадиснинг мазмунини Навоий бобомиз байт шаклида ифодалаган:

Кимки улуғроқ, анга хизмат кeрак,

Улки кичикроқ, анга шафқат кeрак.

Бундан малум бўладики, кичкина ёшдаги болаларга раҳм қилиш, меҳрибон бўлиш, бошини силаш, айни пайтда катталарнинг ҳурматини, эъзозини жойига қўйиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз. Кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган одамни Расулуллоҳ алайҳиссалом “биздан эмас”, деганлар.

Ҳадисларда зикр қилинган суннат ва савобли, шунингдек, инсоний фазилатлар ҳисобланган яхши амалларни халқимиз асрлар давомида ҳаётига татбиқ этиб келмоқда.

Динимиз бизларни ҳар бир ишни бошлашдан олдин ёши катта улуғлар билан кенгашишга, маслаҳатлашиб олишга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ишларингизда улар билан маслаҳатлашинг” (Оли Имрон, 159-оят),  дейиш билан ўз Расулини саҳобалар билан маслаҳатлашишга буюрмоқда. Пайғамбардек улуғ зотга саҳобалари билан маслаҳатлашиб иш тутиш кераклиги ҳақида илоҳий тавсия келган экан, биздек оддий инсонлар ҳаётининг барча жабҳаларида нуроний фахрийларимизнинг маслаҳатлари ила иш тутишлари батариқа авлодир.

Чунки, кексаларни эъзозламаган, уларни ҳурмат қилмаган, уларнинг ҳақларига риоя этмаган одам бу дунёда обрў топмайди, қариганида ҳурмат ва иззатга сазовор бўлмайди, у дунёда эса жаннатга эриша олмаслиги мумкин.

Қолаверса, ёши улуғ инсонларни қадрлаш, уларнинг бебаҳо ўгитларига амал қилиб яшаш комиллик, турмуш фаровонлигимиз ва тинч-осойишта ҳаётимиз гарови ва миллий қадриятларимиз ҳисобланади.

«Қариси бор уйнинг париси бор», «Қари билганни пари билмас» каби ҳикматли сўзлар неча минг йиллар мобайнида ҳаётда ўз исботини топиб келган ҳақиқат эканлигини барчамиз яхши биламиз. Аслида ҳам, бир умр меҳнат қилиб, яхши фарзанд тарбиялаб, эл-юрт корига яраб яшаётган ҳар бир инсон кексайганида ҳурмат-иззат кўриб, эъзозланиб, ҳаётидан рози бўлиб яшашга ҳақлидир.

Худога шукрлар бўлсинким, халқимиз ҳамиша кексаларни ҳурмат қилиб, уларга эҳтиром кўрсатиб келган. Ёшларимиз нуронийларни кўрса, қўли кўксида, саломга шай, хизматларига тайёр туришади. Маслаҳатларию, панд-насиҳатларига ҳар доим «лаббай», деб, танбеҳларига жим қулоқ тутишади. Уйларию, дастурхонларининг тўрини ёши улуғларга атайди.

Қадимги даврларда кексаларнинг ҳурмати ниҳоятда баланд бўлган. Уларнинг йўли кесиб ўтилмаган, гапираётган сўзлари бўлинмаган, таомга улардан олдин қўл узатилмаган, улардан олдинда юрилмаган, уларни ҳамма бирдай ҳурмат қилган.

Устозларимиз илмда улуғ мартабаларга эришган олимларимизнинг бу мақомга сазовор бўлганларининг сабаби энг аввало, улар устозларининг, ота-оналарининг, ёши табаррук кексаларнинг ҳурматларини жойига қўйишганида, деб таъкидлайдилар.

Мазҳаббошимиз ҳазрати Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳи шундай дейдилар: «Устозим ва ота-онам ётган уй томон ҳеч қачон оёқ узатиб ётмадим, улар ўтирган уй томига чиқмадим, ҳар намоз ўқиганимда уларнинг ҳақларига дуо қилишни унутмадим».

Кекса отахону-онахонларимизни, табаррук ёшдаги инсонларни эъзозлаш уларга бериладиган салом – «Ассалому алайкум»дан бошланади. Уларнинг ҳузурида ўзини хокисор тутиш, уларни кўрганда дарҳол ўрнидан туриб, ўзини ўнглаб олиш уларга бўлган ҳурматнинг изҳори саналади.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ёши улуғ кексаларга кўрсатган ҳурматнинг узвий давомини юртимизда уларга кўрсатилаётган эътибордан кўришимиз мумкин.

Дарҳақиқат, юртимизда нуроний фахрийларимизнинг жамиятдаги хизматларини ардоқлаб, уларга бўлган эҳтиром ва иззат давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган. Бу ҳам ёши улуғ нуронийларнинг қадр-қиммати юртимизда юқори эканлигига далолат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига киришганидан кейин икки ҳафта ўтар-ўтмас қабул қилган Фармон Ўзбекистон фахрийларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштиришга бағишланди. Бу ҳужжатда ушбу жамғарманинг ваколатлари, давлат ва жамиятдаги ўрни аниқ белгилаб берилди.

Фахрийларнинг ижтимоий ишлардаги иштироки юзасидан давлат ва бошқарув идоралари билан ўзаро ҳамкорлик доираси аниқланди. Кексалар учун мамлакат ҳудудларида «Нуроний масканлари» бунёд этилди.

Илгариги анъанавий ишлар кўлами кенгайтирилди, иш сифати ва миқдорий кўрсаткичлари анча ортди. Жамғарма фаоллари, фахрийларимиз уйма-уй юриб, кексалар дардини эшитмоқдалар, оилавий низоларни ҳал этишга кўмаклашмоқдалар.

Буларнинг барчаси ёши улуғ инсонларга катта мамнуният ва куч-ғайрат бахш этмоқда.

Жўрабек Ишаев,

Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси, НДПИ 2-босқич магистранти.