Полвонлар прокурор кубоги учун беллашди


Нукусда кураш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокурори кубоги учун мусобақа бўлиб ўтди.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг ўтган йилги фаолияти сарҳисоб қилиниб, «Йилнинг энг яхши тренери», «Йилнинг энг яхши ҳаками», «Йилнинг энг яхши спортчиси», «Йилнинг энг яхши ҳамкор ташкилоти», кураш спорт турини тарғиб қилган энг яхши оммавий ахборот воситаси ходими ва бошқа номинациялар бўйича ғолибларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 6 та жамоадан 53 нафар ўсмир ва 12 нафар қизлар ўзаро куч синашди.

Ўз вазн тоифаларида ўғил болалар ўртасида Анвар Алламбергенов, Атабек Бегалиев, Менлибек Юлдашев, Зарапатдин Турдимуратов, Руфат Бегалиев, қизлар ўртасида Бийбирўза Қоллибекова, Индира Елмуратовалар биринчи ўринларни эгаллашди.

– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спорт тури бўлган курашни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади, –дейди Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ижрочи директори Серик Жусипбеков. – Қарор доирасида қабул қилинган «Йўл харитаси»да белгиланган чора-тадбирлар эса курашни келгусида Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритишга хизмат қилади.

Ғ­олибларни Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Ф.Алламбергенов табриклаб, уларга диплом, медаль ҳамда эсдалик совғаларини топширди. Ғ­олиблардан иборат шаклланган жамоа Тошкент шаҳрида Бош прокурор соврини учун бўлиб ўтадиган мусобақада иштирок этади.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.