Йиғилишда мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, умуман маънавият соҳаси танқидий-таҳлилий руҳда қайта кўриб чиқилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнлари инсоният учун катта имкониятлар билан бирга муаммоларни, таҳликали вазиятларни келтириб чиқараётгани, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Айни пайтда маънавий – маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, яъни Республика маънавият – маърифат маркази фаолиятини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Шунга мувофиқ Президентимиз томонидан ушбу марказнинг фаолиятини такомиллаштиришга оид бир қатор таклифлар билдирилди.
Жумладан, келгусида Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланди. Демак, бундан буён маънавиятни тарғиб қилишда тизимли фаолият йўлга қўйилади ва барча ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб боради.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга тарихни, буюк алломаларимиз меросини чуқур ўргатиш, ёшларни маърифатли қилишнинг барча шарт-шароитларини яратиш кераклигини алоҳида таъкидлаб, – Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур, – деди.
Бу сайъи-ҳаракатлар маънавият борасидаги ислоҳотлар, маданиятимиз, санъатимиз, адабиётимизни ривожлантириш, тарихимизни тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар табиийки, ёшларимизда янгича дунёқарашнинг ҳамда маънавий иммунитетнинг шаклланишига асос бўлади. Шу билан бирга мустақиллик йилларида қад тиклаган обидалар, таъмирланган зиёратгоҳлар, музейларга бориш, маънавий мерос ва маънавий ҳаёт билан боғлиқ жойларга ёшларимиз учун саёҳатлар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Бир сўз билан айтганда йиғилишда таъкидланганидек, жамият ҳаётини тубдан янгилаш борасидаги ислоҳотлар собитқадамлик билан тадбиқ этилаётган ҳозирги пайтда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, миллий, умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдириш ва пировард натижада маънавий баркамол, комил инсонни, эркин шахсни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари бўлиб қолмоқда.
Т.Романов,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари.