Олий Мажлис Сенати Раиси Қорақалпоғистонга келди


Шу йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева хизмат сафари билан Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.

Олий Мажлис Сенати Раиси дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ўтказилган йиғилишда иштирок этди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизни ривожлантириш, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманларимизда катта қурилиш ва бунёдкорликлар, халқимизни, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

2020 йил 11 ноябрда Президентимизнинг “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, 3 йилга мўлжалланган дастурнинг ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши ҳам давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодасидир.

Тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева Президентимизнинг ушбу махсус қарори Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш билан бир қаторда халқимизнинг ҳаёт даражасини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этишини, қарор ва дастурнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашда парламент, тегишли вазирлик ва ташкилотлар, тижорат банклари, маҳаллий бошқарув органларининг масъулиятини янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

Қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов нутқ сўзлади.

Қарорга мувофиқ, 2020-2023 йилларда 2788  та лойиҳа ва объектларда 21 триллион 209 миллиард сўмлик кенг қамровли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлса, 2020 йил якуни бўйича 705 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада, 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. 2021 йилнинг биринчи чорагида яна 99 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда қарор билан тасдиқланган дастурнинг бажарилиш ҳолати муҳокама қилиниб, бу бўйича Парламент назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Республикага бириктирилган Сенат аъзолари, тегишли вазирликлар ва ташкилотлар, тижорат банклари томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева Жўқорғи Кенгеснинг кичик мажлислар залида Хотин-қизлар масалалари бўйича мутасаддилар билан учрашиб, “Аёллар дафтари” ва хотин-қизлар масалаларидаги муҳим муаммолар, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Учрашувда юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва жабҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини юзага чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси – Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Т.Норбоева  юртимизда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Учрашувда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, имкониятларини таъминлаш, айниқса хотин-қизлар орасида жиноятчиликни камайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий саводхонлигини орттириш масалалари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ахборотхизмати.