Яқинда Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг бир гуруҳ мутахаcсислари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб беморларни даволаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда аҳоли ўртасида касалликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини олиб борди.
Жумладан, республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказидан профессор Мирвосит Каримов, терапевт Амина Файзуллаева ва пульмонолог Элина Исмаилова У.Холмуродов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказида беморларнинг ҳолати, уларга яратилган шароитлар ва муолажалар билан танишди. Бу ердаги мавжуд камчиликлар ўрганилди.
Шундан сўнг, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида терапевтик, пульмонологик, ички касалликлар билан касалланган оғир аҳволдаги, малакали мутахассислар кўригига муҳтож бўлган беморлар кўрикдан ўтказилди. Уларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, шифокорларга “Юрак ишемик касаллиги, унга ташҳис қўйиш ва даволашнинг замонавий усуллари”, “Бронхиал астмани даволашда янгича даво усуллари” мавзуларида маҳорат дарслари ва мулоқотлар ташкил этилди. Шунингдек, профессор М.Каримов маҳаллий шифокорларга “Гастроэзофагеал рефлюкс касаллик: муаммонинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси учун долзарблиги” мавзусида семинар ўтди ҳамда келажакда кадрларнинг билим ва кўникмаларини янада ошириш бўйича ҳамкорлик дастурлари белгилаб олинди.
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Мақсудбек Мадаминов ва олий тоифали шифокор Салоҳиддин Тошпўлатов Қорақалпоғистон Республикаси болалар юқумли касалликлар шифохонаси билан танишди.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.