Ёш тадбиркорларга сертификатлар топширилди


Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази»да Қорақалпоғистон Республикасида ўз тадбиркорлигини бошлаш истагидаги ёшлар учун «Тадбиркорлик асослари» мавзусида уч кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва бошқа ташкилотлар  ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ёш тадбиркорлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмалари бўйича ўқитилди.

– Уч кунлик семинар бизларда яхши таассурот қолдирди, – дейди Қўнғирот туманидан Шукуржон Қуанишбоева. – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан турли мавзуларда семинарлар, муваффақиятга эришган тадбиркорлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Менинг бизнес ғоям мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Келажакда ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехини ташкил этиб, 10 нафар ёшни иш билан таъминлашни мақсад қилдим.

– Элликқалъа тумани Думонқалъа овул фуқаролар йиғинида балиқчилик хўжалигини ташкил этдим, – дейди ёш тадбиркор Тимур Тангирбергенов. – Ўтган йили 3 тонна балиқ етиштириб, аҳолига арзон баҳоларда етказиб бердик. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, халқимизни балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан таъминламоқчимиз.

Тадбир доирасида Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларидан келган ёшлар ўз бизнес режалари тақдимотини ўтказди.

Семинар-тренинг якунида Қорақалпоғистон ­Республикаси прокурори Ф.Алламбергенов, Ўзбекис­тон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, Сенатор А.Данияровлар ёш тадбиркорларни муваффақиятлари билан қутлаб, уларга сертификатлар топширдилар.

Ж.АБДАЛНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим прокурори.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.