Аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


2020 йил 16 мартда қабул қилинган “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида рўйхатга олиш жараёнида иштирок этувчи барча юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

Жумладан, рўйхатга олувчи ходимлар рўйхатга олиш варағига биноан респондентлардан шахсга доир маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, рўйхатга олувчи ходимлар шахсга доир маълумотларни йиғишни бошлашдан олдин респондентга ўз гувоҳномасини кўрсатиши, ўз ваколатларига мувофиқ ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда бажариши, шахсга доир маълумотларни йиғиш жараёнида “Аҳолини рўйхатга олиш дастури” да белгиланган саволлар рўйхатига риоя этиши, уларнинг мазмуни бузилишига йўл қўймаслиги, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши, уларнинг мазмунини ошкор қилмаслиги шарт.

Бевосита рўйхатга олиш жараёнида иштирок этувчи жисмоний шахслар респондентлар хисобланади. Респондентлар — аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда  Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидир.

Респондентлар ўзининг шахсга доир маълумотлари нима мақсадда йиғилаётганлигини, ушбу маълумотлардан ким ва қандай тарзда фойдаланишини билиш, ўзи учун тўлдирилган рўйхатга олиш варақлари билан танишиб чиқиш, рўйхатга олиш варақларига киритилган шахс­га доир маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилигини аниқлаштириш, рўйхатга олувчи ходимлардан тегишли гувоҳномани кўрсатишини талаб қилиш, рад этилган тақдирда эса — рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб бермаслик, рўйхатга олиш варағининг шаклига биноан шахсга доир ишончли маълумотларни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Респондентлар аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга монелик қилмаслиги шарт.

А.Ибраймов,

Нукус шаҳар статистика бўлими бошлиғи.