Инсоннинг ахлоқий фазилатлари Шарқ шоирларининг ҳамиша диққат марказида турганига шубҳа йўқ. Чунки, улар адабиётни тарбия воситаси деб билишган. Ахлоқий мавзудаги адабиёт–пандномалардан ташқари, бадиий юксак достонлар, насрий асарларда ҳам “маъвиза”, яъни ўгит-насиҳатлар характеридаги қисмлар бўлганлиги адабиётнинг “адаб” сўзидан олинганлигини асослайди. Инсон одоби, онги, илму амали туфайли барча махлуқотларнинг афзали, шарифи деб таърифланиши туркий адабиётда Навоий даҳоси билан бошланади. Чорак кам олти асрдирки, Алишер Навоий халқ фахри, тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг султони, маданият ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келаётир.
“Ёшларимиз Навоийни қанчалик чуқур ва пухта билса,– деб ёзади И.Ҳаққул, – маърифат, эзгулик, комиллик сирларини ўшанча кенгроқ эгаллайди. Навоийнинг сўзлари дилига ўрнашган одам, ўзи истасин-истамасин, одамийлик шарафи ва куч-қувватини идрок этади. Навоийни етарли даражада билиш–адолат, диёнат ва имон-эътиқоднинг кучига ишонч демак.” Таъбир жоиз бўлса, бу ҳақиқат ХV асрнинг сўнгги чораги ва асосан, XVI асрдан англана бошланган ва улуғ Навоий асарларини ўқиш ўзига хос анъанага айланган. Шарқ халқлари китобхонлигида форс-тожик тилида шоҳномахонлик, саъдийхонлик, ҳофизхонлик, румийхонлик, жомийхонлик билан бирга, туркий (эски ўзбек) тилидаги яссавийхонлик, қиссахонлик ёнида навоийхонлик ҳам қарор топган.
Улуғ мутафаккир ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор зарурлигини ўз достонлари ва асарларида яққол ифода этган. Хусусан, “Хамса”нинг дастлабки уч достони – “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, шунингдек, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Арбаъин”(Қирқ ҳадис) асарларида гуманист шоирнинг ахлоқий қарашлари ўз тажассумини топгандир. Бунда инсон ахлоқи бош мақсад сифатида ўрта аср кишиси нуқтаи назаридан, ўша давргача жамланган илму ҳикмат асосида муносабат билдирилган, албатта. Навоий “Хамса”сининг кириш достони “Ҳайрат ул-аброр” (Яхшиларнинг ҳайрати) шу маънода диққатга сазовор. Бу фалсафий, таълим-тарбияга оид шеърий асар бўлиб, достон Шарқ адабиётидаги хамсанавислик, устозлар (Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий) анъанасига мувофиқ дидактик мазмунда ёзилган. Навоий достонининг муқаддима қисмидаги муножотларда шоир Аллоҳнинг буюк ва беқиёс гўзаллигини таъриф ва тавсиф этиш билан бирга, барча мавжудот орасида энг улуғи, энг шарофатлиси инсондир, деган фикрни бадиий юксак даражада ифода этади:
Барчасини гарчи латиф айладинг
Барчадин инсонни шариф айладинг.
“Ҳайрат ул-аброр” асарининг бошланиши уч ҳайрат тавсифидан иборат. Уларда табиат, коинот ва инсоннинг улуғлиги ва гўзаллиги тасвир этилган. Бу уч мавжудотнинг ягоналиги, бир-биридан ажралмаслиги, уларнинг ҳайратомуз даражадаги уйғунлиги уч ҳайратнинг асосий мундарижасини ташкил этади. 63 бобдан таркиб топган достоннинг 21 фаслини анъанавий муқаддимавий боблар, 40 бобини–20 мақолат ва 20 ҳикоят, қолган икки бобини эса – хотима ва бир ҳикоят ташкил этади. Достондаги йигирма мақола комил инсон ўзида мужассам этмоғи лозим бўлган фазилатлар изҳоридан иборат. «Ҳайрат ул-аброр» фалсафий-таълимий достондир. Асарнинг бир неча боблари одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия масаласига бағишлаган. Навоий бу достоннинг олтинчи мақолатида одоб ва камтарликни улуғлаб, таълим-тарбияга доир қимматли фикр ва мулоҳазаларини баён қилиши билан бирга, такаббур ва одобсиз кишиларни қаттиқ қоралайди. Шоир адаблилик тўғрисида фикр юритаркан, уни кичикларга бахтиёрлик, улуғларга юксак мартабалилик омили, деб билади. Бунда тавозуъ–камтарликни асосий восита сифатида талқин этади. Алишер Навоий ахлоқий қарашларини реалистик ифодалашда ҳаётий ташбеҳлардан кенг фойдаланади: “Қачонки янги чиққан ой тавозуъ сақлаб, қаддини хам қилди, у кун сайин камол топа бошлади. …Осмон ҳам тавозуъга риоя қилиб эгилгани учун бутун олам унинг амрига буйсунади…” Ҳаё ва адаб инсоннинг шараф белгиси экан, кулгу – адабсизликнинг бири, белгиси деб таъкидланади. Шоир бунда ҳам какликнинг қаҳқаҳаси овчи тузоғига, ғунчанинг очилиши (кулиб) хазон бўлишига, чақмоқнинг кулгуси ерга пастлашига сабаб бўлганини ташбеҳлаб келтиради. “кулги ўз меъёридан ошиб кетдими, бундан йиғлаган анча яхшироқдир”,– дейди шоир.
Алишер Навоий камтаринлик тўғрисида сўз юритганда ҳам меъёрни аниқ белгилаб кўрсатади: қулга бек ортиқча тавозуъ кўрсатса, ўзига азоб-уқубат ипларини орттирган бўлади. Гадонинг олдида сажда қилиш марҳамат эмас; унга бир дирам берсанг, бу унга нисбатан марҳамат кўрсатишдир. Ўриндан туриб болага жой бериш ҳам адабдан эмас; кексалар бу ишни адаб ҳисоблашмайди.
Шу тариқа, шоир адаблилик шартларини сақлашда ҳар бир одамнинг даражасига қараб бажариш лойиқлигини таъкидлайди. Жумладан, улуғ мутафаккир ёш болага нисбатан энг зарур иш, уни кичкиналигидан парвариш қилишдир, деб кўрсатади. Унинг эътирофича ҳам тарбиянинг бири болага яхши исм қўйиш бўлиб, уни исми билан чақирганларида у уяладиган бўлмаслиги керак. Тарбиянинг яна бири эса Навоий таъкидича, болага илму-адаб ўргатиш учун муаллим чақиришдир. Яна, шафқат қилиш фойдали, аммо ортиқчаси зарардир. Бинобарин, ҳар хил балолардан фарзандини ўз меҳри билан асраши ота-онанинг тавозуъси ҳисобланади.
Навоий тарбиянинг яна бири – ота-онани ҳурмат қилиш эканлигини алоҳида уқтираркан, “буни бажариш унинг (фарзанд–…) учун мажбуриятдир”,– дейди. Шоир катта-ю кичикка қарата ота-онага хизматни бирдек қилиш, хизмати қанча ортиқ бўлса ҳам, кам деб билишни ўз ўгитларида юксак бадиий сатрларда дарж этади:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Икки жаҳонингга тилар сен фазо–
Ҳосил эт ушбу иккисидин ризо.
Туну–кунингга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
Достоннинг саккизинчи мақолатида Навоий ёлғизликка нисбатан кўпчилик-жамоатни улуғлаб, кишиларнинг бир-бирлари билан аҳил, дўст бўлишларини истайди. «Ҳайрат ул-аброр»нинг ўнинчи мақолати ростгўйлик, ҳалоллик ва тўғриликка бағишланган. Шоир ёлғон сўзлашнинг ёмон оқибатини «Шер билан Дуррож» масалида овчининг тузоғига тушган Дуррож образида ҳикоя қилади.
Илм аҳлига бағишланган ўн биринчи мақолатда илм ва илм аҳли, қалам аҳли, эл манфаати, савоб ва жаҳолат, худбинлик ва худбинларга муносабат каби масалалар ахлоқий таҳлил этилади. Навоий бир мусофир, камбағал одамнинг чинакам илм олиш учун не-не муҳтожлик, қашшоқлик, очлик ва сарсон-саргардонликлар машаққатини баён қилар экан, илмда соҳибқирон бўлгунча ўттиз йиллик давр ўтишини, шунда ҳам битта-иккитагина камолот эгаси бўлиб етишишини асослайди. Аммо, унинг кўнгли илм маскани, илм даргоҳи, унинг бир қатра вужуди илм дарёсига айлангани улкан муваффақият сифатида талқин этилади: “Яҳудийча десанг яҳудийчани билади, юноний десанг юнонийни ҳам, сурия тилини десанг сурия тилини; ҳиндча савол берсанг, ҳиндча жавоб беради. Илм унинг кўнглини бир дунёга айлантириб, бир қатрага бутун бир дарёни яширади. Сўзларида тўла маъно; гапни сирли безакларга ўраб гапиради. У қаламининг учидан бир гапни қоғозга тўккач, қора сиёҳ билан битилган у хатда оби ҳаёт кўринади. Ёзувининг қоралиги оби ҳаёт суви бўладиган бўлса,унинг маъноси бу зулматдаги оби ҳаётдир. Осмон билан боғлиқ энг қийин масалаларни ҳам осонлик билан ечади. Абу Али ибн Синонинг ҳамма фикрлари унга тушунарли. Қалами хатнинг барча хилларини ёзишга қодир; илмларнинг ҳаммаси унга маълум.”
Алишер Навоий олимлик мартабасини ана шундай юксакликда кўради. У илм аҳли деганда кўп тилларни ва билимларни эгаллаган қомусий олимлик шарафини назарда тутиб, уларнинг жоҳилларга хизмат қилиши эса золимлик, деб баҳоланади. Шунингдек, олим илмини амалга эришиш учун восита қилса, ўзини ҳам, халқини ҳам йўлдан адаштириши таъкидланади. Бек ва амирлар муносабати орқали бу фикр ойдинлашади. “Олим агар ўз йўлига қатъий амал қилса,–деб ёзади мутафаккир шоир,– илмига қараб иш тутса, дунёнинг ҳаром молларига кўз олайтирмаса, ўткинчи дунёга тикилиб қарамаса, бундай одамни шараф гавҳарининг кони деб бил… Ҳақиқий олим ўзи кону, юз томони яна гавҳар, ўзи осмону, ҳар тарафи юлдузлар!”
Навоий олимлар билан жаҳолат эгаси бўлган беку амалдорларнинг сурати ва сийратини таққосларкан, ҳаётий деталларни айни муқояса сифатида эслатиб ўтади: “Эгнидаги тўнида юзта йиртиқ бўлса ҳам, гулнинг тўни йиртиқ-йиртиқ экани айб эмас-ку! Қуёшнинг яланғочлиги унинг зийнати-ку; булутдан либос кийганда эса, ҳамма ёқни қоронғилик босади. …Эр кишининг шарафи кийимда эмас; дур садафдан узоқ бўлса, баҳоси камаймайди. Пашшанинг ҳам уст либоси заррин, аммо унинг қўнадиган жойи ўлимтикларнинг устидир.”
Дарҳақиқат, маърифатпарвар ва буюк шоир Алишер Навоийнинг ахлоқий-таълимий қарашлари ҳозирги кунда ҳам шу жиҳатлари билан ўз қадр — қимматини сақлаб келмоқда. У ўз замонидаёқ, ёшларни илм – ҳунар эгаллаш, меҳнатни севишга ундаб, ўрганилган илм ва ҳунарни халқ, Ватан йўлида сарф қилиш зарурлигини уқтирган. Навоий таълимотида илм-фанни эгаллаш учун ёшликдан бошлаб астойдил ўқиш, ўрганиш таъкидланади. Бу жиҳат шоирнинг ўз ҳаётий тажрибасида ҳам етакчи шиорга айланганини, яъни жуда ёшлигидан таълим олгани, ўқишга берилганидан англаш мумкин. Қолаверса, 4-5 ёшлариданоқ кўп шеърларни ёд билганлиги, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» («Қуш нутқи») асарини ҳам болалик чоғларидаёқ қайта-қайта ўқиб, ёд олгани бу фикрни асослайди.Алишер Навоий умрининг сўнгги дамларигача иқтидорли ёшларга, мактаб ва маориф масалаларига катта аҳамият берганлигини кузатиш мумкин. У меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун мактаблар очиш ва мадрасалар қуриш тўғрисида ғамхўрлик қилганлиги, подшо Ҳусайн Бойқародан ўғил ва қиз болалар учун мактаблар очишни талаб қилгани, шахсан ўзи мадрасалар қуришда ташаббус кўрсатгани ҳам навоийшунослар томонидан кўп таъкидланган. Навоийнинг фикрича, мактаб халққа нур келтиради, унга тўғри йўл кўрсатади, болаларни билимли қилади. У ўзининг «Ихлосия» мадрасаси ёнида мактаб очиб, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шароит яратиб, бунинг учун лозим бўлган маблағ ажратгани ҳам эътиборли далиллардан.
Навоий дарс берувчини қуёшга ўхшатади ва бу қуёш ўз атрофидаги юлдузларга нур сочади, яъни мударрис «абжадхоналар»га, ҳали илмдан бехабар бўлган толибларга илм нурини сочади, маърифат беради -дейди.
Алишер Навоий таълим-тарбиявий фикрларини ўзи яратган бадиий асарларида кўпроқ баркамол инсонни ифодаловчи ижобий образлар яратиш орқали баён қилади. Навоий ақл кучига чексиз ишонади, комил ишонч билан илм-фаннинг хислати жуда катта, деб ҳисоблайди. Алишер Навоий инсон шахсининг камол топиши болаликдан бошланажагини назарда тутиб,Фарҳод ва Мажнун болалиги тасвирига диққат қаратади. Яъни, «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» каби достонларининг айрим бобларини ҳам болалик тарбиясига оид фикрларга бағишлайди. У ахлоқий-таълимий қарашларини бутун ҳаёти ва ижодий фаолиятининг синтези ҳисобланувчи “Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) пандномасида янада чуқурлаштирган. Бу асар шоирнинг устозлари Шайх Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” сингари дидактик адабиёт анъаналаридан ижодий илҳомланиб ёзилгандир. Хулоса қилиб айтганда шоирнинг барҳаёт даъватлари навқирон авлодларни асрлар оша баркамоллик сари ундаб келмоқда.
Башорат Жамилова,
Бухоро давлат университети доценти, филология фанлари номзоди.