Қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси


Нукусда “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари С.Хожаметов, “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Б.Каримов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш ва соҳани замонавий техникалар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталди.

Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш, тармоқни илғор усуллар асосида ривожлантиришда соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машина-трактор паркларини замонавий техника ва агрегатлар билан таъминлаш муҳим ўрин тутади.

Маҳаллий қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий техникаларни агро кластерларга ва фермер хўжаликларига лизинг асосида етказиб беришда “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти муносиб улушини қўшиб келмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ўтган йил 43 миллиард сўмлик техника лизинг асосида етказиб берилган бўлса, жорий йилда 148,8 миллиард сўмлик 457 дона ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп техника етказиб бериш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳаларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 180 миллиард сўм, тижорат банклари ва хорижий кредит линиялари ҳисобидан 570 миллиард сўм маблағ жалб қилинади.

Жорий йилда жамият фаолиятига хорижий инвестициялар (кредит, қарз, грант ва бошқалар) жалб қилиш учун йирик тўртлик (Big Four) халқаро аудит компанияларининг биридан халқаро аудит стандарти бўйича ижобий хулоса олиш режалаштирилган.

– Тадбирда маҳаллий қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган 40 дан зиёд замонавий техника ва технологиялар намойиш этилмоқда, – дейди “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Бурхон Каримов. – Авваллари фақат пахтачилик ва ғаллачилик хўжаликлари учун техникалар олиб келинадиган бўлса, эндиликда боғдорчилик, токзор, чорвачилик, аҳоли томорқа хизматлари ҳамда шоличилик соҳаларига техникалар ҳамда сув тежовчи технологиялар етказиб берилади. Мақсад – агро кластерлар ва фермер хўжаликлари мушкулини осон қилишга кўмаклашиш.

– Техника – фермернинг қўл-қаноти, – дейди Беруний туманидаги “Алмаз” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Якубов. – Бундай тадбирларнинг ўтказилиши зарур техникаларни шу ернинг ўзида харид қилиш имкониятини беради. Бу ерда намойиш этилаётган юқори унумли ҳайдов тракторлари фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг асосида етказиб беришнинг афзалликлари, бу борада ҳукуматимиз томонидан белгиланган имтиёзлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.