Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессияси тўғрисида ахборот


Шу йил 12 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, секторлар, тегишли соҳалар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибида дастлаб “Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси З.Реймова маъруза қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида юртимизда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармони суд –ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, суд ҳокимиятининг чин маънода мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини орттиришга қаратилган асосий йўналишларини белгилаб берди.

Ўз навбатида мазкур фармонда белгиланган вазифалар фуқароларнинг судма суд сарсон бўлиб юришини бартараф этиш, уларнинг муаммоларини бир жойда ҳал этиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириш, шунингдек, судларнинг ташкилий-молиявий ва моддий-техник таъминотини яхшилаш имкониятини бермоқда. Албатта, бу ўзгаришлар суд эркинлиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда мамлакатимиз нуфузини орттиришга хизмат қилади.

Маърузачи Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

Ушбу масала бўйича 45-сонли “Шўманой” сайлов округидан депутат, сенатор У.Жалменов сўзга чиқди. Депутатлар кун тартибидаги масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шундан сўнг, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Жуманов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, барчамизга маълумки, 2021 йил юртимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Шу йил 10 февраль куни Президентимиз раҳбарлигида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дас­тури ижросини самарали ташкил этиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари ривожланишдан ортда қолган туманлар ва оғир шароитдаги фуқаролар йиғинларида йўлларни, ичимлик суви, электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш,  тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни энг узоқ қишлоқларгача етказиш, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш, аҳолини камбағалликдан чиқариш, деҳ­қончилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга 1 гектаргача ер ажратиш ва ҳудудлардаги зиёрат объектлари атрофини ободонлаштириш ва инфратузулмасини яхшилаш бўйича вазифаларни таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жойлардаги “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб шакллантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига киритиш, маданият марказлари, музейлар ва театр биноларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, коммунал хизматлар тизимини янада яхшилаш, кўп қаватли уй-жойлар ва лифтларни таъмирлаш каби бир қатор муҳим вазифалар ижросини таъминлаш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилди.

Кун тартибидаги масала бўйича сиёсий партияларнинг Жўқорғи Кенгесдаги фракциялари раҳбарлари сўзга чиқди ва бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 8 октябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдам бериш мақсадида янги тизим жорий этиш, жумладан, ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳар кесимида “Аёллар дафтари”ни шакллантириш вазифаси белгиланди.

Шу йилнинг 10 январига қадар “Аёллар дафтари” га киритилиши тавсия этилганларнинг рўйхати халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, 21 январь куни Жўқорғи Кенгесда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам бу борада аниқ вазифалар белгиланди. Албатта, ушбу вазифалар ижроси Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг диққат марказида бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Кун тартибидаги “Аёллар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳисоботи тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Ахмедова маъруза қилди. Депутатлар ушбу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Сессияда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28-январдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурда белгиланган вазифаларнинг Қорақалпоғистон Республикасида бажарилиши бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирининг ҳисоботи тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Қишлоқ хўжалиги вазири А.Якубовнинг ахбороти тингланди. Кун тартибидаги масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар Жўқорғи Кенгес Президиуми томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган тегишли қарорларни тасдиқлади.

Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўн бешинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.