ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИДА БАРЧАМИЗ ФАОЛЛИК КЎРСАТАМИЗ


Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида ҳар йили давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Давлат дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинади.

Шу йил 13 февралда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди.

Бу йилги Давлат дастурида барча жаб­ҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қамраб олинганлиги, айниқса ёшларга кенг имкониятлар яратиб бериш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилиниши керак бўлган ишлар белгилаб берилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.

Жумладан, бу йилги Дастурда маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш, пандемия сабабли катта зарар кўрган туризмни қайта тиклаш, ушбу соҳага берилган имтиёз­ларни янада кенгайтириш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда замонавий шарт-шароитлар яратиш ва бош­қа қатор соҳаларни ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланган.

Хусусан, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича алоҳида дастур ­ишлаб чиқилиб, унга кўра маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда уларнинг Миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш ва бошқа масалалар кўзда тутилган.

Давлат дастурида яна бир муҳим масалага — туризмни ривожлантиришга катта эътибор берилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, бу борада маданий кўнгилочар инфратузилмани ривожлантириш, салоҳиятли зиёрат туризми бозорига эга мамлакатлар билан мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш, туризмни тарғиб қилишга оид тадбирлар учун алоҳида маблағлар ажратиш, мавсумдан таш­қари туризм даври учун турли рағбатлантирувчи тадбирларни ўтказиш, маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш назарда тутилмоқда.

Албатта, сўнгги йилларда соҳага берилаётган эътибор ва имкониятлар юртимизда ўзининг янги ривожланиш босқичига кирган туризм соҳаси ривожи учун айни муддао бўлди. Чунки, пандемия сабабли ички ва ташқи туризм катта зарар кўрган, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари  ва бошқа туристик фаолиятга боғлиқ барча соҳалар катта қийинчиликни бошидан кечираётган эди. Энди Дастурда белгиланган қатор имтиёзлар туфайли ушбу соҳа янада ривожланиб, ўзининг олдинги ҳолатига қайтиши лозим бўлади.

Шунингдек юртимизда мавжуд маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифалар этиб белгиланган.

Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда барчамиз якдиллик билан иштирок этсак, тараққиётнинг янги марраларига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлидаги ишларимиз янада самарали бўлади.

Тажибай Романов,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,

Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП

фракцияси раҳбари.