Самарқанд шаҳрида олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Олий таълим муассасаларининг талаба ёшлари орасидаги «Йил талабаси — 2020» республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Танловнинг биринчи босқичида жами 7 мингдан ортиқ талаба ёшлар иштирок этиб, шундан 427 нафари республика босқичига йўлланма олди. Танлов якунида 21 нафар талаба ғолибликни қўлга киритган бўлса, 14 нафари совриндор бўлиб, 6 нафари Фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Улар орасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Жисмоний тарбия факультети талабаси Клара Дарменбаева «Йилнинг фаол спортчиси» номинацияси бўйича ғолиб бўлган бўлса, Қорақалпоқ филологияси ва журналистикаси факультети талабаси Адилбек Латипов танлов совриндори бўлди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг 2-курс талабаси Азизбек Алламуратов «Йилнинг энг ижодкор талабаси» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
–Ўқув даргоҳимизда талабаларга ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда халқаро ва республика танловларида ғолиб бўлганман. 20га яқин илмий мақолаларим нашр этилди. Бундай натижаларга эришишда устозларимнинг меҳнати катта, –дейди танлов совриндори Адилбек Латипов.
Танлов ғолиблари пул мукофоти ва махсус диплом билан тақдирланди.
Т.СЕЙТНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.