ХАЙРЛИ ЛОЙИҲА ДОИРАСИДА ёшларга ер ажратилмоқда


Президентимиз Ўзбекистон Ёшлари форумида ёшларга қарата  «Сизларни  Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси  сифатида юксак қадрлайман», — деган эди. Бунинг замирида эса келажак авлод яъни ёшларнинг яқин йиллар ичида Ўзбекистонга олиб келадиган ақлий инвестицияси, шу билан бирга ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, START-UP лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш каби йирик масалалар мужассамдир.

Давлатимиз раҳбари 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам туман сектор раҳбарлари ҳафтанинг икки кунини фақат ёшлар муаммоларини ҳал этишга ажратиши, биринчи кун ёшлар бандлиги, иккинчи кун уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланиши кераклигини таъкидлаган эди.

Шунингдек, мазкур йиғилишда ҳар 10 гектар экин майдонидан 1 гектарини ёшларга ажратиш орқали ўн минглаб ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланиши таъкидланди.

Куни кеча Беруний туманида  “Бир ёшга бир гектар” лойиҳасига старт берилди.  Дастлаб, Абай овул фуқаролар йиғинида 15 нафар ёшларга 0.5 гектардан ер ажратилди.

Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда туман ҳокими А.Сапарбаев ер олиб, деҳқончилик бошлаётган ёшларга ишларини ривожлантиришлари учун имтиёзли кредит олиш, солиқ имтиёзлари мавжудлигини алоҳида таъкидаб ўтди.

Тумандаги “Шоббоз”  овул фуқаролар йиғинида  ҳам 10 нафар ёшларга 20 сотихдан деҳқончилик қилиш  учун ер ажратилди. Бу лойиҳа туманнинг барча ҳудудларида амалга оширилади ва ер ажратилишида ёшларнинг ўзлари яшайдиган ҳудуди эътиборга олинади.

Сектор раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Деҳқон фермер ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, овул фуқаролар йиғинлари ҳамда бошқа бир қатор ҳамкорлар иштирокида ўтказилаётган лойиҳа ­доирасида ер олмоқчи бўлган ҳар бир ишсиз ёш, ўзи яшаб турган маҳалласига мурожаат қилади. Ана шундай ёшларнинг мурожаатлари асосида Беруний туманида 2021 йилда жами  7 минг 500 нафардан ортиқ ёшларга, 2 минг  гектар ер майдони деҳқончилик қилиб, бандлигини таъминлаши учун ажратилиши назарда тутилган.

Дарҳақиқат, — ер хазина. Президентимиз ташаббуси билан бошланган хайрли лойиҳа доирасида меҳнат қиламан деган ёшларга ана шу «хазина» ажратилмоқда. Бу тадбир ёшларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда. Улар ўзларига бириктирилган ер майдонларидан даромад олиш ҳаракатини бугундан бошлаб юбордилар.

Умиджон Қаландаров,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Беруний тумани бўлими бошлиғи.