ЭЛГА МАДАД БЎЛАЁТГАН ТАДБИРКОР АЁЛ


Бугунги кун аёли нафақат оила, балки, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида Ватан равнақи, тараққиёти ва келажаги йўлида фидойи меҳнат қилмоқда. Мана шундай тадбирли аёлларимиздан бири Нукус шаҳридаги  «Нукус Зияда Нур» нодавлат таълим муассасаси директори Зияда Утеназаровадир.

— Мазкур ўқув марказимиз 2018 йилнинг апрель ойида ўз фаолиятини бошлаган эди, — дейди суҳбатдошимиз.

— Айни дамда марказимизда 18 та йўналиш бўйича ўқув курслари олиб борилмоқда. Жумладан, тикувчилик, меҳмонхона ва ресторан менеджери, бухгалтерия, компьютер мутахассислиги, тиббиёт,  мебел устачилиги, сартарошлик, пазандалик, пойафзал таъмирлаш, қорақалпоқ миллий нақшларини тўқиш, рус, инглиз тиллари каби жуда кўплаб курсларда ёшларимиз таҳсил олишмоқда.

Бугунги кунга қадар марказни 1000 нафардан зиёд ёшлар битириб, махсус сертификатга эга бўлишди. Эътиборлиси, мазкур ёшлар орасида кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор шахслар ҳам ўқитилиб, бугунги кунда улар турли соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда.

Зияда опа бир дақиқа ҳам тиним билмайди. Янги ғоя ва лойиҳалар устида бош қотиради. У фаолиятини янада кенгайтиришни, хизмат турларини кўпайтиришни, ёшларни касб-ҳунарли қилишни ўзининг бурчи ва мақсади деб билади. Айни дамда Чимбой туманида марказ филиали ташкил этилган. Эндиликда, Қонликўл, Бўзатов, Шўманой туманларида ҳам марказ филиалларини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари марказнинг янги ўқув биноси иш бошлаш арафасида.  

— Бугунги кунда марказимизда 12 нафар кишининг бандлиги таъминланган. Яқинда яна 5 нафар ёшларимизнинг иш билан таъминланиши кўзда тутилаяпти. Биласизми, бугунги кунда юртимизда тадбиркорларга жуда катта имкониятлар яратиб берилган. Солиқ соҳасида, кредит олишда. Буларни кўриб, шижоатинг, ғайратинг ошади, фақат меҳнат қилгинг келади, — дейди З.Утеназарова.

Зияда опа фаолияти давомида жуда катта ютуқларга эришган. Жумладан, 2018 йилда ўтказилган «Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1 ўринни, «Ишбилармон аёл-2019» танловининг мамлакат босқичида 1 ўринни, «Ташаббус-2019» кўрик-танловининг республика босқичида 1 ўрин, мазкур танловнинг мамлакат босқичида «Энг яхши кўргазма» номинацияси ғолиби бўлди.

Шунингдек, ўтган йили 1 октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Зияда опанинг бу каби ютуқлари ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Тинимсиз меҳнат, изланиш, ўқиб — ўрганиш ҳамда яқинлари, оиласи, турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши ўз самарасини берди.

— Инсон ҳар қандай бахтга, саодатга, ютуққа, маррага эришишида албатта унга оиласи, яқинлари, турмуш ўртоғи, фарзандлари суянчиқ, қанот бўлади. Мен  мана шундай тадбиркор аёл, бахтли она бўлишимда оиламнинг, айниқса турмуш ўртоғимнинг меҳнати катта. Биласизми, баъзан оилада турли хил вазиятлар бўлиши мумкин. Чунки, ҳаёт бир текис кечмайди. Мана шундай ҳолларда аёл энг аввало сабрли бўлиши, борига қаноат қилиши керак, — дейди суҳбатдошимиз.

Ҳа, Зияда опа ўз бахтини, келажагини оиласи,  фарзандлари камоли билан боғлаб, уларнинг ҳам илмли, зиёли инсон бўлиб етишишини хоҳлайди. Бугунги кунда катта ўғли Тошкент шаҳридаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетида, кичик ўғли И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида ҳамда қизи Нукус шаҳридаги 32 сонли мактабда таҳсил олмоқда.

Ҳа, аёл бахт формуласини ўз қўллари билан ўзи яратади. Фақат уни қўллаб-қувватлаш ва ишониш керак. Қаҳрамонимиз З.Утеназарова ҳам ўз билими ва ташаббускорлиги билан бахт формуласини яратаётган аёллардан.