Хотин-қизлар — жамиятимиз бойлиги


Шу йилнинг 6 март куни Нукусда  Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “Дунёнинг гултожи ўзингсан, аёл!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган нуроний онахонлар, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этиб, республикамиз хотин-қизларини байрам билан табриклади.

Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг барча соҳаларда ўз қобилиятини, салоҳиятини рўёбга чиқаришига кенг йўл очиш, уларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўргатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатиш мақсадида “Аёллар дафтари”ни жорий қилиш, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларнинг шартнома тўловларини тўлаб бериш, фидойи, истеъдодли хотин-қизларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётгани оналаримиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.

Мана шундай эътибор натижасида хотин-қизларимиз илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, спорт, саноат, қишлоқ хўжалиги каби жамиятимизнинг энг муҳим соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Улар орасидан чиққан депутатлар, фан докторлари, ёзувчи-шоиралар, тадбиркорлар юртимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол қатнашиб, унинг тараққий этишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётгани учун 8 нафар хотин-қизларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Шунингдек,давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ, Тўрткўл туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси  Шаҳзода Каримбоева ҳамда Бўзатов туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Гулсанем Оразбаева Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби бўлишди.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фидойи хотин-қизларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан “Ардақлы нураный”, “Ўатан пидайысы” ва “Умит ушқыны” кўкрак нишонлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Фахрий ёрлиқ»лари топширилди. Шунингдек, давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, ўзларининг юксак самарали меҳнати билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизларимиз «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

 Мукофотланганлар номидан “Ўатан пидайысы” кўкрак нишони соҳибаси Роза Палванова, “Умит ушқыны” кўкрак нишони соҳибаси Наргиза Балтабаева, “Ардақлы нураный” кўкрак нишони соҳибаси Зинаида Тигай сўзга чиқиб, хотин-қизларга қаратилаётган катта эътибор ва ғамхўрлиги учун  Президентимизга, республикамиз раҳбарларига ўз миннатдорлигини билдирди.

— Дарҳақиқат, биз ёшлар учун юртимизда барча шароитлар яратилган, — дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти, “°мит ушқыны” кўкрак нишони соҳибаси Наргиза Балтабаева. — Мана шундай имкониятлар натижасида “МДҲнинг энг яхши йил талабаси-2020” халқаро танлови ғолиби бўлдим.

Тантанали тадбир республикамиз санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди. 

Д.Абибуллаев.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.