Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзининг иқтидори ва ибратли фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, турли соҳа ва тармоқларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқараётган, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён этиб, ўз ғоя ва ташаббусларини илгари сураётган, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган қизларни муносиб рағбатлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли қизларини аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ҳамда таълим, фан, адабиёт, санъат, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.
2. Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тантаналарида совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2021 йил 3 март
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 3 мартдаги ПҚ–5014-сон
қарорига илова
Зулфия номидаги Давлат мукофоти
билан тақдирланганлар
Р Ў Й Х А Т И
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича:
Каримбоева Шаҳзода Камоладдин қизи — Тўрткўл туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси
Оразбаева Гулсанем Жалғасбай қизи — Бўзатов туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси