ЭЛ ОТАСИ


(қасида)

Давлат ва жамоат арбоби, Меҳнат Қаҳрамони, генерал,

 «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, ардоқли эл оқсоқоли

 Қаллибек КАМОЛОВнинг 95 йиллигига бағишланади

Ҳар бир халқнинг отаси бор,

Ҳар миллатнинг ботири.

Ҳар бир элнинг эртаси бор,

Бордир бахтли тақдири.

Қорақалпоқ миллати ҳам,

Туркийларнинг бўғини.

Эл юртим деб бахш айлаган,

Жон-тани, бор йўғини.

Аждодларнинг ҳикматидан,

Донолиги ошади.

Иссиқ меҳри, ҳурматида,

Эл қудрати тошади.

Минг тўққиз йигирма олти,

Қадим Орол томонда.

Ярқираб толъе юлдузи,

Узоқ «Тербенбес» ёнда.

Бир ўғил дунёга келди,

Юзи нурли, ёқимтой.

Жануб ёқдан шамол елди,

Кўкда ярқиради ой.

Камол ота оиласи,

Қувончларга беланди.

Ой ва йилларнинг ораси,

Мангуликка бойланди.

Илоҳий руҳ–меҳр, эъзоз,

Қаллибек атрофида.

Қиши, кузи, баҳор ва ёз,

Яхшилар қаторида.

Боболарнинг ота ери,

Қаллибекни авайлар.

Авлод аждодлар тарихи,

Ичидан уни танлар.

Оллоҳ назарида бўлди,

Қаллибекдек бир ўғлон.

Кўрганларнинг кўнгли тўлди,

Тўлишди вақт ва замон.

Қаллибек оғанинг айтганлари

Мен юртимни жондан севдим,

Тупроғин тавоб айлаб.

Хизматида тоғдек турдим,

Халқим ардоқлаб, сийлаб.

* * *

Бахтим шуки, озод юртда,

Тўқсон бешга тўлибман.

Тўлиб-тошиб халқим билан,

Соғу-омон юрибман.

Президентнинг меҳри билан,

Узоқ умр кўряпман.

Армонларим рўёбини,

Халқ умрида кўряпман.

Мен ким Қаллибек Камолов,

Кексалик кезимдаман.

Нурли Наврўз кунларида,

Халқимга таъзимдаман.

* * *

Болалигим «Тербенбес»нинг

Кўкдарёсида ўтган.

Есимўзак томонларга,

Овулим кўчиб кетган.

Овулдан уч чақиримда,

Миржиқнинг қумлари бор.

Есимўзак бўйларида,

«Самат»нинг тонглари бор.

Эл ботири Ерназарнинг,

Авлод аждодларидан.

Қолган ерлар қадрлидир,

Руҳи ҳикматларида.

Ҳикматлари элни сақлаб,

Ерни тавоб этгани.

Оталарнинг номин оқлаб,

Келажакни кутгани.

Отам Камол Нуржон ўғли,

Замонин зиёлиси.

Жақсимурат Бўлис ёнда,

Уқиб ҳар сўз маънисин.

Котиб бўлиб хизмат қилган,

Ундан мерос ота ер…

Оталарнинг меҳнатидан,

Бугун тўлишар тақдир.

* * *

Етти ёшда мактаб кўрдим,

Болаликнинг чоғида.

На синф, на партаси йўқ,

«Тоза Овул» бағрида.

Китоб тутган қўлларимиз,

Қалам, қоғоз ёнида.

Илм сари йўлларимиз,

«Қорамўйин» тонгида.

Устозларим Усмон оға,

Қўсназар оғаларим.

Бизлар учун жон куйдирган,

Илм – таянч тоғлари.

Қизиқишим ортар эди,

Дунёвий илмларга.

Мендибек устоз ёнида,

Интилдим билимларга.

Баҳоларим доим аъло,

Ўргандим алжабрни.

Физика, математикадан,

Уқдим кучли сабрни.

Кун кечириш қийин эди,

Ҳаёт ҳаммага синов.

Уруш тамом бўлган йиллар,

Биров қўлсиз,

Яна оёқсиз биров.

Ҳар оила аза тутган,

Ҳар оила хонумон.

Мен бел боғлаб сафда турдим,

Юртим учун бегумон.

Устоз бўлдим, қолди изим,

Ўқитдим ёш авлодни.

Улар учун айтган сўзим,

Йўли катта ҳаётнинг.

Кўп илмларга интилдим,

Орзу ўтар армонга.

Она тили адабиёт,

Устун миллат, замонга.

* * *

Олийгоҳни тамомладим,

Ҳар қадамим зўр бўлди.

Ёшлар ташкилоти билан,

Орзу мақсад бир бўлди.

* * *

Устоз бўлиб қўлладим ёш авлодни,

Руҳи чўккан элга бўлдим мададкор.

Доим ёдда тутдим бир ҳақиқатни,

Элин суйганларга Оллоҳ бўлар ёр.

Оталар Ерига қўйган қадамим,

Доим қутлуғ келди, доим ўнг келди.

Мудом олам ичра кўриб одамни,

Уларнинг тақдирин – умримда кўрдим.

* * *

Эллигинчи йиллар боши,

Ҳукуматда ишладим.

Қорақалпоқ заминида,

Катта ишлар бошладим.

Ҳукуматда Раис бўлдим,

Қорақалпоқ юртида.

Ободликни мақсад қилдим,

Фаровонлик аҳдида.

Ярим аср қорақалпоқ,

Халқи билан елкадош.

Келажакни кўрдим порлоқ,

Яхшилик бўлди йўлдош.

Йўллар аро, кўп кўприклар,

Янгиланди, қурилди.

Темир камар, юрт белида,

Янги кунга бурилди.

Йиллар келди, йиқмоқ бўлди,

Гдлянлар сурони.

Кўп кўнгиллар дардга тўлди,

Остин-устун замони.

Ҳалол меҳнат, юртга меҳр,

Энг олий ҳақиқатдир.

Уни ҳеч ким синдиролмас,

У илоҳий қудратдир.

* * *

Мен элимни жондан севдим,

Боғу-роғлар ичида.

Тенглар ичра тенг бўлсин деб,

Баланд тоғлар ичида.

Унинг ойдин эртасига,

Ҳур  бахтига ишондим.

Айландим халқ отасига,

Қувват бўлди ишончим.

Любовь–севган рафиқамдир,

Муҳаббатим, ҳаётим.

Фарзандларимнинг онаси,

Ҳаётдаги ҳикматим.

Оллоҳ қўллаб насиб қилди,

Улуғ Макка сафарин.

Мен халқимга олиб келдим,

Яхшиликнинг хабарин.

Қўлига кўтарди халқим,

Эъзозлаб иззат билан.

Хизматларим, меҳнатимни,

Олқишлаб ҳурмат билан.

Менинг ўтган ҳар бир куним,

Шу эл билан боғланди.

Қорақалпоқнинг қудрати,

Ҳур меҳнатга чоғланди.

Усмон Юсупов ёнида,

Катта беклик қилдим мен.

Қорақалпоғистон ҳур эл,

Эканлигин билдим мен.

Шароф Рашидов сингари,

Улуғлар ёнда бўлдим.

Қурилиш, боғ-роғлар яшнаб,

Қорақалпоғистон бўлди.

Мен бу қудратли ҳаётни,

Устозлардан ўргандим.

Уч бойтерак қорақалпоқда,

Тарих бўлиб қолганди.

Пиржон оға Сеитов у,

Матеке Жуманазаров.

Наврўз оға Жапақов у,

Тушган Оллоҳ назари.

Мен ҳам шу улуғлар билан,

Бир қаторда бирлашдим.

Устозларнинг ўгитларин,

Маҳкам тутиб тиллашдим.

Улар қилган хизматини,

Халқи билди, сийлади.

Улар каби элда азиз,

Бўлмоқликни ўйладим.

* * *

Халқим менинг чорвадордир,

Халқим менинг зўр деҳқон.

Ерни боқсанг эл тўяди,

Бой бўлади дастурхон.

«Кўча, кўча кўчдан армон қолмади,

Сув ёқалаб белда дармон қолмади»

Жиен жиров куйлаб ўтган,

Сувсизликнинг жабрини.

Элимиз билан бажардик,

Халқ ва юрак амрини.

Мен англадим сув қадрини,

Ўз тақдиримдай кўрдим.

Амударё бўйларида,

Кун-тун халқ билан юрдим.

«Қизкетген», «Пахта арна» ва,

«Бўзёп», «Қувончярма»лар.

«Шўманой», «Қойбақ» каналлар,

Қазилди кун оралаб.

Ҳақиқатга айлантирдик,

Аму-сув-афсонасин.

Каналларда оққан сувлар,

Тириклик нишонаси.

Деҳқончилик ерларининг,

Кенгайтириб майдонин.

Фаровонлик безаб борди,

Қорақалпоғистонни.

Элликқалъа йўлларида,

Бунёд қилдик бир Бўстон.

Тўрткўл, Ёнбошқалъасида,

Бугун бахтлидир деҳқон.

* * *

Мен халқимнинг меҳнатига,

Бердим ҳурмат — меҳримни.

Сўзлаб адо қилмоқ қийин,

Қорақалпоқ сеҳрини.

Оналарни азиз билиб,

Қизларин ардоқладим.

Улар қилган меҳнатини,

Баланд тутиб мақтадим.

Оналарнинг оёғининг,

Остида дедим, жаннат.

Фарзандларнинг камолида,

Улар қилган тарбият.

Қорақалпоқ қизларининг,

Тарихдаги ҳар изи.

Бугун бахтли янги тонгда,

Ярқираб турар юзи.

* * *

«Қўнғирот урони Жайилған,

Муйтеннинг урони Оқчўлпон.

Қиятнинг урони Орухон,

Аёл урон бўлган экан».

Бердақ ёзган бу шажара,

Мангу тарих йўлида.

Ҳар аёлнинг орзулари,

Азиз она ерида.

Бугун ёдга оларман мен,

Қаҳрамон Ойим опани.

Омонгул Сапарбой қизи,

Бўлди меҳнаткаш, вафоли.

Энажон, Давлат, Пардагул,

Уларнинг сафлари кенгдир.

Орқасида қолган  йўллар,

Яшнаб турган ҳур тақдир.

* * *

Ҳар юртнинг келбати кўчалар билан,

Баланд бинолари — зўр ҳаётлари.

Сулув оқшомлари, кечалар билан,

Осмонга бўй чўзган иншоотлари.

Элу-юртим билан қилган меҳнатим,

Кўринди қурилиш майдонларида.

Халқимга эътибор, муҳаббатларим,

Янги уй ярашган замонларида.

Тарих саҳифаси сўзлаб турибди,

Янги темир йўллар, асфальт йўлларни.

Чаржов–Қўнғирот, Чимбой, Хўжайли ёқда,

Темир йўллар бошлаб келар кунларни.

Нукус–Беруний ва Тўрткўл ёқларга,

Транспортлар тинмай қатнай бошлади.

Дулдул қишлоғидан Тошкент йўлига,

Йўллар тушди, дадил қадам ташланди.

Нукус пойдеворин эл-юрт олдида,

Ўз қўлларим билан ўзим яратдим.

Бир ярим йил муддат-қисқа даврда,

Олтмиш уй тикланди элга ярашди.

* * *

Халқ асло унутмас тарих мангудир,

Саноат яралди, бўлди фаровон,

Ун, гўшт комбинати, янги заводлар,

Ҳар бир оилада тўкин дастурхон.

Қорақалпоқ ери элликдан ортиқ,

Кўрди бой саноат корхоналарин.

Тахиатош ГРЭСи нур сочар порлаб,

Ёруғ қилиб юртим остоналарин.

Пайдо бўлди тўқув фабрикалари,

Тўрткўл, Манғит, Хўжайли ва Нукусда.

Иш бошлади унинг филиаллари,

Илғор бўлиб саноатда, ҳар ишда.

Йигирма йил ичра халқ билан бўлиб,

Ярим аср юртни бахтга тўлдирдим.

Ўстириб ёшларнинг билим, ўйини,

Ҳур кунини қувонч билан кулдирдим.

Мерос бўлиб ҳар иш авлодлар учун,

Ҳар қадамдан тарих изи яралди.

Бу менинг эл учун қилган меҳнатим,

Юртлар оша етиб борди, таралди.

* * *

Давлат ва жамоат арбоби бўлдим,

Эъзозлаб яшадим биродарликни.

Дўстликни шарафлаб, миллатлараро,

Аъло фазилат деб бағрикенгликни.

Бирлик бор маконда тириклик бордир,

Дўстлик туби битмас олий хазина.

Мен учун ҳар миллат ҳур, бетакрордир,

Тарих мангуликка мустаҳкам зина.

* * *

Яхши инсонлар ишлади,

Доим менинг ёнимда.

Ережеп Айтмурод ўғли,

Менинг қондош жонимдай.

Аграр соҳа машаққатин,

Ўз елкасига олди.

Эл учун қилган меҳнати,

Халқнинг тилида қолди.

Йўлдош Қурбонов ҳам менинг,

Яқин шогирдим эди.

Бирга хизмат қилиб элга,

Халқнинг ғамин едик.

Яна Камол Рзаев ҳам,

Элга кўп хизмат қилди.

Ота ери, аждодларин,

Руҳларини шод қилди.

Юриц, Федоров сингари,

Хизматчилар бир бўлдик.

Юсупов Марат, Бекманов,

Хизматлари зўр бўлди.

Кўп кадрлар тарбиялаб,

Эл корига яратдим.

Билим, кучи, эътиборин,

Халқ умрига қаратдим.

Билим эгалламоқ учун,

Аямадик кучимиз.

Мактабларни янгиламоқ,

Бўлди олий бурчимиз.

Халқ таълими ўссин дедик,

Ёшлар бўлсин баркамол.

Олий таълим даргоҳлари,

Ишлаб турсин бемалол.

Олий даргоҳ–Университет,

Қорақалпоқ элида.

Катта машаққатлар билан,

Қурдик Пойтахт ерига.

Нурланса илм зиёси,

Таълим келажак тожи.

Фанлар Академияси,

Қорақалпоқ қуёши.

Соғлик — теран бойлик дедик,

Аждодларнинг ҳикмати,

Соғ танда соғ ақл бўлар,

Бу ҳаёт ҳақиқати.

Ибройим Юсупов шеъри,

Бу сўзимнинг исботи.

Уни келтириб ўтаман,

Гўё бахши баёти:

«Эҳ тан соғлик, тан соғлик,

Ўхшайсан оқар булоққа.

Шу булоқнинг бошидан,

Кетади йиллар йироққа.

Шифокорлар сўзини,

Илмай кетдим қулоққа,

Айлантирган сен бўлдик,

Бориб қолсам қўноққа.

Эҳ тан соғлиқ, тан соғлиқ,

Ором йўқ Оллоҳ севгандай.

Сен тортган чилим дудидан,

Тандирнинг ўти сўнгандай.

Сен ютган никотинлардан,

Бир уюр йилқи ўлгандай.

Миниб юрган отинг ҳам,

Меҳр талаб этади.

Тан соғлиқ ҳам хотиндай,

Қарамасанг кетади…»

* * *

Юртда узоқ овулларга,

Қурдик шифохоналар.

Шифокорлар меҳнатидан,

Соғлом ақл яралар.

Миллат шаъни — санъат билан,

Маданият–келбати.

Ҳар бир инсон меҳнат билан,

Безар умр зийнатин.

Қорақалпоқ тарихини,

Олиб юрар бахшилар.

Достон тинглаб эл юксалар,

Кўпаяди яхшилар.

Достонлардан, санъат ўсиб,

Саҳналарга ярашди.

Узоқ ўлка, эл–элатлар,

Ҳавас билан қарашди.

Иттифоқ халқ артистлари,

Ойимхондан куч олди.

Йўлдош, Гулхан, Отажонлар,

Элга бахт бўлиб қолди.

Маданият ҳафталари,

Турли элларга етди.

Қорақалпоқ санъати ҳам,

Ўсиб, гуркираб кетди.

Қорақалпоқ операси,

Саҳналарда янгради.

Музикали драмалар,

Овози жаранглади.

Савицкий номли музей,

Дунёда донғи кетди.

Тарихнинг ҳар варағида,

Ўчмас номларни битди.

* * *

Менинг армонларим халқим мақсади,

Мен юксалсин дедим юртимнинг Бахтин.

Консул бўлиб Румин ерида юриб,

Англадим умримнинг ҳар бўлак, бандин.

Юзага чиқмади ўн бир армоним,

Кўнглимда ўн бир дард ҳамон тирикдир.

Бугун яшнаб турган кунда замоним,

Уни айтмоқлигим шартдир, буюкдир:

1.

Қорақалпоқ ери нефтга, газга бой,

Уларни халқ учун ишлатолмадим.

Илм ҳам кам эди, техника ҳам йўқ,

Уларни жамлашга вақт тополмадим.

2.

Улгира олмадим темир йўлларни,

Жануб-Шимол томон боғлаб туришин.

Қурувчи, деҳқоннинг оғир юкларин,

Темир йўллар ора олиб юришин.

3.

Ҳаёт олиб кирдим қадим чўлларга,

Жанубда янги эл тузмоқ ўйларим.

Шимолида шоли, Жанубда пахта,

Юртимни бойитсин, дея ўйладим.

Вақт тез ўтиб кетди, етиша олмай,

Режалар армонга айланиб қолди.

Ёнбошқалъа йўлин кенгликларида,

Қумлар далалардан сайланиб қолди.

4.

Етмиш минг метрли квадрат қувват,

Катта кучга эга комбинат тиклаб.

Тўрткўлдан бошлаб уй қурилишларин,

Одамлар орзусин уларга юклаб.

5.

Қиздириб қурилиш майдонларини,

Дедим: ҳар шаҳарни айласак обод.

Ишонтириб, юртим инсонларини,

Деган режалар ҳам бўлмоқда бунёд.

6.

Орол инқирози яна бир армон,

Олимлар йиғилиб, мажлислар қурдим.

Обь–Иртиш сувларин Оролга томон,

Гўё олиб келсак, сувга тўлдирдим.

Москванинг баланд минбарларида,

Қорақалпоқ юртин орзусин айтдим.

Амалга ошмади, ичда қолди дард,

Армонларга етмай овулга қайтдим.

7.

40-45 гектарда қуриб иссиқхона,

Лимон, полиз бериб элга ёз-қишда.

Деб ишлар бошладим, у ҳам битмади,

Муаммолар тўлиб турган турмушда.

8.

Ер ости сувларин қочириш учун,

Коллектор–дренажлар ишин бошладик.

У ҳам охирига етолмай қолди,

Қолган ишга қорлар ёғди, ташланди.

9.

Уч-тўрт йилга катта режалар қилиб,

Турмушин кўтарсак дедим Пойтахтда,

Нукусда минглаган хонадонларни,

Бу ишга тайёрлаб, жамладик, тахлаб.

10.

У ҳам битмай қолди Қизкетген бўйин,

Икки соҳилини боғ қилолмадик.

Халқнинг истироҳат дам олиш жойи,

Обод бўлсин дедик, улгиролмадик.

11.

Чимбой ҳам армонлар ичида қолди,

Ибройим шоирнинг орзу-нияти.

Чимбой яшнаб турган шаҳар бўлсин, деб,

Менга айтган эди олий ниятин.

Мана ўн бир армон, бир кам дунёдай,

Менинг дардим бўлиб яшаб келади.

Аммо ишонаман бу орзуларим,

Ушалади, буни халқим билади.

* * *

Мустақиллик замонлари,

Тўлиб кучга-қудратга.

Бугун менинг армонларим,

Айланди ҳақиқатга.

Ишонаман Мирзиёев,

Элни бахтга белайди.

Қорақалпоқ миллатининг,

Равнақини ўйлайди.

Орол яшил ўрмон бўлиб,

Саксовуллар ўсмоқда.

Кетган қушлар қайтиб келиб,

Кенгликларда учмоқда.

Нефт ва газдай бойлигимиз,

Топмоқда ўз ўрнини.

Халқ қудрати тўлиб тошар,

Тўлдириб оқ кўнглини.

Уй-жойлардан ҳар оила,

Тўлишиб такрор-такрор.

Рози бўлиб Президентдан,

Дилда тошар ифтихор.

Қорақалпоқ диёрининг,

Ойдин ҳар хонадони.

Деҳқон яратган ризқ рўздан,

Тўлмоқда дастурхони.

Армоним йўқ энди менинг,

Темир йўллар тўрт ёнда.

Ҳар инсоннинг кўнгли тўлган,

Шу қудратли замонда,

Ўн бир армон, ўн бир мақсад,

Юз мартадан ушалди.

Қурилиш ҳам, саноат ҳам,

Юксалиб ривожланди.

* * *

Мен ким Қаллибек Камолов,

Ёшларнинг қўл қаноти.

Ҳар бир ишим хизматларим,

Бугун юртим ҳаёти.

Мен ёшларга тилак тилай,

Фотиҳага қўл очиб.

Пок ниятим – ўссин улар,

Илм нурини сочиб.

Улар ўрнак қилиб юрсин,

Ота Ерга меҳримни.

Элим десин, халқим десин,

Билсин меҳнат сеҳрини.

Бир мақол бор:

Яхшиликка яхшилик,

Ўзин билган ҳар кишининг ишидир.

Ёмонликка яхшилик ҳам,

Эр кишининг ишидир.

Яхшиликда ҳикмат кўпдир,

Уқиб олсин авлодим.

Саховатли, оқибатли,

Бўлиб қолсин авлодим.

Қорақалпоқ миллатининг,

Шаъни, қадри юксалсин.

Оталардан қолган мерос,

Кенгликлари гулласин.

Сабр керак ва ирода,

Ҳар бир ёшнинг умрига.

Авлод руҳи баланд бўлса,

Ўсиб борар қадри ҳам.

* * *

Эй қадрдон халқим менинг,

Сени севган ўғлингман.

Сенинг учун синмадим мен,

Ҳаётимни тўғрилаб.

Йиқмоқ бўлиб турганларни,

Ҳақиқатга қул қилдим.

Йиқилсам ҳам, тикка турдим,

Йўлларимни гул қилдим.

Мен биламан бу ҳаётда,

Бахтли ким сўраса.

Йиқилиб, сўнг мағрур туриб,

Эл ишига яраса.

* * *

Мен тарихнинг бир бўлаги,

Қону-қардош халқим бор.

Қорақалпоқнинг ўзбеги,

Юртим учун ифтихор.

Ўзбекистоннинг бағрида

Биз суверен эл бўлдик.

Ҳар бир қадам бўстон бўлди,

Ҳар йўлида гул бўлдик.

Менинг узоқ армонларим,

Шу кунларда ушалди.

Истиқлолнинг ҳур замони,

Озодлик куйин чалди.

* * *

Истиқлолнинг бахтли они,

Тонгларида юрдим мен.

Мени олқишлар замоним,

Тўқсон бешга кирдим мен.

Раҳмат элим,

Раҳмат халқим.

Мен сизлардан миннатдор,

Сизлар билан ўсди бахтим,

Ва тақдирим бетакрор.

Юрт раҳбари–улуғ инсон,

Азиз Президентимиз.

Мирзиёев Шавкат Миромон,

Бугун баланд тахтимиз.

Қорақалпоқ диёрини,

Янгилади, яшнатди.

Мўйноқ, Бўзатов бағрида,

Янги ҳаёт бошлатди.

Мен ўстирган боғу-роғлар,

Бугун тўлиб тошмоқда.

Бутун дунё Қорақалпоқни,

Кўрсам дея шошмоқда.

* * *

Мен ким Қаллибек Камолов,

Бир асрнинг тенгдоши.

Юртни севдим,

Халқни севдим,

Ватан мангу йўлдошим.

Қадим тарих бетларида,

Мангудир Қорақалпоқ,

Ишонаман Ўзбекистон,

Билан эртаси порлоқ.

Истиқлолнинг ҳар нафаси,

Менинг учун шон бўлди.

Танимга куч юрагимга,

Қувват бўлди, жон бўлди.

Ўзбекистондай давлатнинг,

Бағрида Қорақалпоқ.

Шавкат Мирзиёев билан,

Халқ эртаси ёрқинроқ.

Қорақалпоқ халқин севган,

Юртбоши бахтга тўлсин.

Эъзозлаган, Ҳурмат қилган,

Эл-юрти омон бўлсин.

Мен ким Қаллибек Камолов,

Шу халқ менинг жон таним.

Устюртдан то Бухоргача,

Кенгликларда Ватаним.

Шу ўлкада туғилганим,

Менинг юксак бахтимдир.

Элнинг отаси бўлганим,

Энг юқори тахтимдир.

Мен ким  Қаллибек Камолов,

Оддий муйтен боласи.

Қорақалпоқ миллатининг,

Ардоқли ягонаси.

Бугун Наврўз айёмида,

Кексалик кезимдаман.

Ўзбекистон халқига ҳам,

Ҳурматда, таъзимдаман.

* * *

Кўпдир элнинг ботирлари,

Кўпдир содиқ дилбанди.

Мени ОТА деб эъзозлар,

Юртимнинг ҳар фарзанди.

Шукрим кўпки, ўғилларим,

Яраб халқим корига.

Белин боғлаб хизмат қилар,

Қорақалпоқ диёрига.

Ўғилларим хизматидан,

Армонларим ушалар.

Обрў-мартабалар келар,

Эл юртимдан қўшалаб.

Менинг умрим давом этар,

Ўғлим хизматларида.

Мен яшайман азиз юртнинг,

Ҳурмат, иззатларида…

САРБОН

Бу улуғ тарихнинг узун йўлида,

Умр деган катта карвони бўлар.

Ризқ, насиба, давлат тилаб элига,

Карвоннинг бошида Сарбони бўлар.

Сиз Сарбон бўлдингиз қорақалпоққа,

Яхши–ёмон кунлар яқин-йироқда.

Ниятлари ўсиб ҳар шох, бутоқда-,

Келажакда давру-даврони бўлар.

Президент ҳам сизга содиқ фарзанддир,

Юртга ҳар ташрифи элга ҳурматдир.

Қорақалпоқ халқи учун мададдир,

Мангу озод, обод замони бўлар.

Бир ён Тўрткўл, бир ён Қўнғирот бугун,

Ҳар сўзингиз элга қўл-қанот бугун,

Қорақалпоқ учқур ­иркўк от бугун,

Чўлларнинг ўрнида бўстони бўлар.

Сизнинг қадрингизни эл-у юрт билар,

Башорат қилсангиз  Орол ҳам тўлар.

Гулистон қизингиз бир тилак тилар:

Бир кун келиб элнинг ҳар бир уйида,

Қаллибек Камолдай ўғлони бўлар…

Гулистон Матёқубова,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Январь-Март 2021.

Тошкент-Нукус.