«МАҲАЛЛА КЕСИМИДА» ишлаш тизимининг аҳамияти


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Президентимиз ташаббуси билан кенг жорий қилинган «Маҳалла кесимида» ишлаш тизимини самарали ташкил қилишга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, туман, шаҳар секторлари, вазирлик ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги  давлат бошқаруви  академиясининг биринчи проректори Х.Азизов, академиянинг профессор-ўқитувчилари А.Жалилов, ­.Сапаев ва бошқалар сўзга чиқиб, «Маҳалла кесимида»  ишлаш тизимининг мазмун-моҳияти,уни самарали йўлга қўйиш бўйича вазифаларга тўхталишди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил декабрь ойида Хоразм вилоятига, жорий йилнинг февралида Фарғона ва Наманган вилоятларига сафари чоғида ҳудудларни ­«Маҳалла кесимида»  ривожлантириш, сектор раҳбарлари ва ­бошқа масъул ташкилотларнинг ишини шу тизим асосида ташкил қилиш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикасида 17 шаҳар ва туманлардаги 416 фуқаролар йиғинига 373 нафар тижорат банкларининг ўрта бўғиндаги  ходимлари доимий вакил қилиб, бошқарув офисига шаҳар ва туманлардаги 68  секторга 5 ходимдан иборат жами 336 нафар иқтисодий комплекс раҳбар ҳамда масъул ходимлари бириктирилди. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида иқтисодий, ижтимоий ва қурилиш комплекслари вакилларидан иборат мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил қилинди.

«Маҳалла кесимида» ишлаш тизимини изчил йўлга қўйиш мақсадида, уч бўғиндан иборат «Доимий вакил», «Бош­қарув офиси» ва «Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар» таркиби ҳамда вазифалари шаҳар ва туманлардаги ҳар бир секторда ташкил қилинган ишчи гуруҳларга етказилди. Шу асосда ҳар бир фуқаролар йиғинининг «ўсиш нуқталари» дан келиб чиққан ҳолда, ўрганиш асосида аниқланган камчилик ва таклифларни ижобий ҳал қилиш бўйича «Йўл харита»лари ишлаб чиқилмоқда. Бугунги кунда барча ҳудудларда, шаҳар ва туманларда ишлар «Маҳалла кесими» тизимида ташкил қилинган бўлиб, секторлар ва бошқа масъул ташкилотларнинг раҳбарлари,  фуқаролар йиғинларида аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиб, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш,шу орқали камбағалликни кисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Шундай бўлса-да, баъзи раҳбарлар ҳамон ушбу тизимнинг аҳамиятини,мазмун-моҳиятини англаб етмаётгани учраб турибди. Баъзи ўрта бўғин раҳбарларининг муаммоларни ҳал қилишда фаоллик кўрсата олмаётгани, янгича ёндашув, ҳамкорлик механизмлари сустлигини таъкидлаш жоиз.

Аҳоли муаммолари билан ишлашда янада самарали механизмлардан фойдаланилмаяпти. Шу боис уларнинг билим ва касбий малакасини оширишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси томонидан жойларда ўтказилаётган семинар-тренинглар сектор раҳбарларининг «Маҳалла кесими»  тизими бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Семинар-тренингда  уч бўғинли «Маҳалла кесимида» ишлаш тизимининг мазмун-моҳияти, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»ни шакллантириш, фуқаролар йиғинларида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг томорқа ерларига хизмат кўрсатиш, фуқаролар йиғинларининг драйвер соҳаларини аниқлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича батафсил тушунтириш берилди.

— Тадбирда иштирокчиларга «Маҳалла раиси — ислоҳотчи» тамойилини татбиқ этиш, юқорида қайд этилган дастурнинг бажарилишини таъминлаш, мониторинг ўтказиш ва мувофиқлаштиришнинг аҳамияти бўйича  Хоразм вилояти тажрибаси мисолида  маълумот берилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясининг кафедра  мудири, профессор Актам Жалилов. — Бу каби семинарлар сектор раҳбарлари ва масъул ташкилот раҳбарларининг муаммоларни тизимли ҳал қилишида, асосийси, халқни бугунги кундан рози қилиш йўлидаги эзгу ташаббусларнинг тўғри йўлга қўйилишида муҳим рол ўйнайди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган  саволларга жавоблар олди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.