Олимлар изланишларига кўра Ер куррасида ҳозирги даврга қадар аниқланган энергия заҳиралари чекланган бўлиб, энергия истемоли ҳозирги даражада сақланиб қолса, кўпи билан 100 ёки 150 йилга етиши мумкин. Инсоният энергия истеъмоли ва саноатнинг жадал суръатлар билан ривожланаётганлигини ҳисобга олсак, бу муддат янада камроқ бўлиши мумкин. Оқибатда, инсоният энергия заҳираларини сақлаб қолиш ва қайта ишлаб узоқроқ муддатга етказиш ҳамда кам ёқилғи сарфлаб катта қувватли электр энергиясини ишлаб чиқарувчи электр станцияларини қуриш каби муаммо билан юзлашмоқда. Муаммони бартараф этиш ва ривожланишнинг барқарор суръатларини сақлаб қолишга электр станцияларининг энг мақбул тури — атом электр станцияларини қуриш ва уларни ишлатиш орқали эришиш мумкинлиги ҳозирда инкор этиб бўлмайдиган аксиомага айланган. Атом электр станцияларини ишга тушириш кўп миқдордаги тикланмас энергия манбаларини сақлаб қолиш ва уларни қайта ишлашга имкон беради. Буни чуқур англаган ва мамлакатимизнинг узоқ истиқболини ўйлаган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йили 10 июль куни мамлакатимизда атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бироз вақт ўтиб 2018 йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2018 йил 19 июлда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 13 августда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Қарорда келтирилишича мазкур агентликнинг қисқартирилган номи “Ўзатом” деб аталади. Ўзатом агентлигининг асосий вазифаси этиб, юртимизда атом электр станциясини қуриш ва унинг фаолиятини таъминлаш белгиланган. Қисқа вақт ичида агентлик бошқа мутасадди ташкилотлар ва Россия Федерациясининг “РосАтом” ширкати билан биргаликда мамлакатимизда (Атом электр станцияси) қурилишининг ҳуқуқий ва ташкилий ишларини бошлаб юборди. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқовнинг маълум қилишича, АЭС қурилиши учун 70 дан ортиқ жой ўрганилган. Ўрганишлар натижасига кўра Атом электр станцияси Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл кўли яқинида қурилиши ҳар томонлама маъқул деб топилган. 2018 йилнинг 19 октябрь куни биринчи Ўзбек атом электр станциясининг қурилишига старт берилди. Старт Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ва мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Россия Федерацияси Президенти В.Путиннинг биргаликда “Рамзий тугма”ни босиши орқали амалга оширилди. Шу билан Ўзбекистонда атом электр станциясига тамал тоши қўйилди. Атом электр станциясини қуриш учун 11 миллиард АҚШ доллари атрофида маблағ сарфланиши ва унинг биринчи блогини 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. Қурилиши режалаштирилган мазкур комплекс ССЭР-1200 (Сувли-сувли қуввати 1200 МВт бўлган энергетик реактор) “3+” сўнгги авлод реакторлари билан жиҳозланган иккита энерго блокдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг замонавий ва хавфсиз энерго блоклар танлаб олинган.
Бугинги кунда мамлакатимизда 14 минг мегаватт электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. Бу қувватнинг қарийб 85 фоизи кўмир ва газни ёқиш орқали, қолган 15 фоизи эса гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади. Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилиги 3,7 миллиард кубметр табиий газ тежалади.
Иссиқлик электр станциясининг ёнилғиси бўлган тош кўмирнинг 1 кг миқдоридан ёнганда 7500 кал иссиқлик миқдори ажралади. Атом электр станциясининг ёнилғиси бўлган уран (235U ва 238U) ядросининг 1 кг миқдори парчаланиши натижасида 19*109 кал иссиқлик миқдори ажралади. Ҳисоблаб кўрадиган бўлсак, 1 кг уран ядроси парчаланишидаги энергия тахминан 2533 кг тош кўмир ёнганда ажраладиган энергияга тенг экан. Бундан ташқари уран ядросидан энергия олишда, атмосферага тошкўмирни ёқиб энергия олингандаги каби заҳарли тутунлар ажралиб чиқмайди. Шу сабаб, атом энергияси ҳар томонлама экологик тоза ҳамдир. Бундай станциялар зарарли ис газини ҳосил қилмайди. Натижада табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф муҳитга тарқаладиган ис газининг ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.
Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси билан ҳамкорликда атом электр станциясинининг ишга туширилиши эса шу каби тикланмайдиган энергия ресурсларини тежаш билан бирга юртимиз саноатининг ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшади.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, юртимизда атом электр станциясининг барпо этилиши ҳар жиҳатдан фойдалидир. Қайта тикланмайдиган заҳиралар тежалади, экологик тоза энергия олинади.
Бугунги кунда мамлакатимизда саноат ривожланиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ортмоқда. 2030 йилга бориб, мамлакатимизда энергияга бўлган талаб 20 минг мегаваттни ташкил этади. Атом электр станциясининг барпо этилиши эса мана шу талабнинг қондирилишига катта ёрдам беради.
Маълумки, атом электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланишда энг замонавий ва мураккаб технологиялар қўлланилади. Юртимизда атом электр станциясининг барпо этилиши билан маҳаллий мутахассисларга эҳтиёж ортади. Шу боис Тошкентда Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш мўлжалланмоқда. Атом электр станциясининг қурилиши ва ишга туширилиши биз педагогларга янада катта масъулият юклайди. Яъни, атом ва ядро физикасини чуқур ўзлаштирган, юқори савиядаги билим ва кўникмага эга миллий кадрларни тарбиялашдек муҳим вазифани қўяди. Бу вазифани биз педагоглар шараф билан бажарамиз.
Ҳаммамизга атом электр станциясига тамал тошининг қўйилиши муборак бўлсин!
Баҳром Явидов,
Нукус давлат педагогика институти Физика фанлари доктори.
Азамат Жалекешов,
Физика ўқитиш методикаси кафедраси ассистент-ўқитувчиси.