Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан истеъдодли ёш рассом Саламат Бабаджановнинг “Бошланиш…” деб номланган кўргазмаси очилди.
????????????????????????????????????
Кўргазмада мусаввирнинг 50 дан ортиқ ижод намунаси намойиш этилмоқда.
Тадбирни ташкил этишдан мақсад, аҳоли, айниқса ёшларни рассомнинг фикрлари, ички дунёси, қалб кечинмалари орқали яратилган асарлари билан яқиндан таништиришдан иборат.
Ёш рассом С.Бабаджанов 1990 йили Нукус шаҳрида туғилган. Қорақалпоғистон Республикаси санъат лицей интернатида, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтида таҳсил олган. Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактабида ёш иқтидор эгаларига тасвирий санъат сирларини ўргатиб келмоқда.
Рассом республика миқёсида ўтказилиб келинаётган кўплаб кўрик-танловларнинг иштирокчиси ва ғолиби. Ёш истеъдод эгаси Европа давлатларида кенг ривожланган ҳамда ихлосмандларига эга экспрессионистик йўналиш бўйича ижод қилмоқда.
– Кўргазмани томоша қилар эканмиз, рассом ижодида катта ўзгаришлар кўзга ташланади, – дейди И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи директори ўринбосари Бахтияр Серекеев. – Авваллари кўпроқ пейзаж жанрида ижод қилган бўлса, сўнгги асарлари живопись жанрида яратилган.
Ёш рассомнинг “Одамлар”, “Кайфият”, “Қиёфа” сингари асарлари мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.