Бўзатов тумани ҳокими «Ёшлар дафтари» ҳамда «Аёллар дафтари»га киритилган ёшларнинг мурожаатларини тинглаш мақсадида «Аспантай» овул фуқаролар йиғини маркази ва «Порлытаў» элати ёшлари билан учрашди.
Унга сектор раислари, тегишли корхона ва ташкилот вакиллари, уюшмаган ёшлар қатнашди.
Учрашувда туман ҳокими Маҳмуд Қайпанов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари асосида юртимиз ёшларига яратилаётган имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида батафсил тўхталди. Шунингдек, тадбир доирасида ҳудуд ёшларининг мурожаатлари тингланди.
Ёшларнинг ер ажратиш, кредит, тадбиркорлик ва бандлик масалалари юзасидан мурожаатларини ижобий ҳал қилиш юзасидан тегишли соҳа вакилларига топшириқлар берилди.
Жумладан, «Аёллар дафтари»га киритилган Мевагул Тўрениязова, Тўти Алламбергеновалар тикув машинасини олишда ёрдам сўраган бўлса, Байрамгул Турдимуратова, уйида биогомус ўғитини тайёрлаш учун 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит олишда ёрдам сўради.
«Ёшлар дафтари» га киритилган Ботир Мамутов эса, олдинги «Аспантай» ширкат хўжалигига тегишли бўлган эски омборхона биносини ўз ихтиёрига ўтказиб беришга ёрдам сўраб, шу жойда шоли ва буғдойни қайта ишлайдиган тегирмон ишга туширмоқчи эканлигини билдирди. Шаҳзод Абатбоев бўлса, ҳудуд ёшларининг томорқа ерларини мева кўчатлари билан таъминлашга ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилди.
— Тупроғимиз жуда ҳосилдор. Шу боис томорқа ерларимизга мева кўчатларини олиб келиб ўтқазсак, шубҳасиз кўкаради. Бу эса, келгусида оиламизни сархил мевалар билан таъминлаб қўймасдан, қўшимча даромад манбаи бўлади. Туман ҳокими бизларнинг таклиф ва фикрларимизни инобатга олди. Бунинг учун чуқур миннатдорчилик билдираман, — дейди учрашув иштирокчиларидан бири Шаҳзод Абатбоев.
Учрашувда сектор раҳбари мазкур мурожаатлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Шунингдек, ёшларга субсидиядан фойдаланиш, кооперация ташкиллаштиришнинг фойдали томонлари ҳақида мутахассислар томонидан батафсил тушунчалар берилди.
А.Ўразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.