Маҳаллага судьялар келди…


Республикамиздаги бир қатор судлар судьялари Нукус шаҳридаги маҳаллаларда бўлиб, сайёр қабул ўтказди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси А.Нурлипесов, Нукус туманлараро иқтисодий судининг раиси З.Ҳасанова, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси Ш.Шамамбетов ҳамда Нукус туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг раиси Н.Абдакимовлар «Чимбой чойхона», «Халқлар дўстлиги», «Сарвиноз» ва «Наупир» маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашди.

Шу куни фуқаролар томонидан уй-жой, кредит, алимент ундириш каби масалалар бўйича мурожаатлар бўлди. Уларнинг аксарияти юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилиб, айрим масалаларнинг ижроси назоратга олинди.

Жумладан, «Чимбой чойхона» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Г.Асенованинг кредит олиш бўйича мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Ушбу фуқаролар йиғинидан Р.Махмудованинг алимент ундириш, Г.Муратбоеванинг кредит олиш, «Наупир» маҳалла фуқаролар йиғинидан В.Пиримбетованинг уй-жойга меросхўрлик масаласидаги мурожаати юзасидан тушунчалар берилди.

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган «маҳаллабай» ишлаш тизими доирасида барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш вазифаси юкланмоқда, – дейди Нукус туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судининг раиси Низаматдин Абдакимов. – Бу каби сайёр қабуллар аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ташкил қилинмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳа вакиллари томонидан жойларда ўтказилаётган тадбирлар энг аввало, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.