Ислоҳотлар Тахиатош туманида ҳам ўз самарасини бермоқда


Юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, халқимизнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор мақсадидир. Айниқса, “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосий мезони бўлмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли Қорақалпоғистонда мисли кўрилмаган ўзгаришлар, бунёдкорликлар, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз 2020 йил  2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берган эди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори республикамизнинг мавжуд ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудудда муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тахиатош тумани ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори асосида туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қарорга мувофиқ, туман бўйича жами қиймати 753 млрд.сўм бўлган 101 та объект ҳамда 4813 млрд. сўм бўлган 8 та ҳудудлараро объектлар киритилган.

Туманнинг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” (“драйвер” соҳаси) сифатида озиқ овқат саноати ва иссиқхоналар ташкил этиш белгиланган бўлиб, мазкур “драйвер”лар доирасида умумий қиймати 660 млрд. сўмга тенг 58 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда натижада 619 та янги иш ўринларини  яратиш режалаштирилган. Эътиборлиси, бугунги кунга қадар қиймати 2488,1 млрд.сўмлик 43 та лойиҳа амалга оширилди ва 385 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, жами қиймати 28,2 млрд.сўм бўлган 30 та йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, айни дамда бу борадаги ишлар тизимли олиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилда «Обод макон» МФЙ ҳудудида янгидан ичимлик суви тармоқларини тортиш, «Найманкўл» ОФЙ ҳудудида ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш, «Нурли келажак» ҳамда «Шор аўыл» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги ичимлик суви тармоқларини ҳам янгидан қуриш белгиланган. Бу борадаги ишлар келгуси йилларда ҳам давом эттирилади. Ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича  қиймати 8,0 млрд.сўм бўлган 7 та лойиҳа киритилган. Иссиқлиқ таъминоти тизимини модернизация қилиш бўйича  тумандаги 48 та кўп квартирали уй-жойларга иссиқлик ўлчов асбобларини ўрнатиш, иссиқлиқ тармоқларига дистанцион назорат тизимини қуриш режалаштирилмоқда. Табиий газ тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича  қиймати 2,0 млрд.сўм бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилади.

Туманда канализация тармоқлари 1953-1970 йилларда қурилган бўлиб, шу кунга қадар умуман таъмирланмаган. Қарорга асосан, 10 млн.доллар Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан канализация тармоқлари тўлиқ реконструкция қилиниши белгиланган. Бу ишлар жорий йилнинг 2 чи ярмида  амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Жами қиймати 72,9 млрд. сўм бўлган 13 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция ишларининг амалга оширилиши юртимизда ёш авлод келажагига, таълим-тарбия тизимига, аҳоли соғлигига қаратилаётган алоҳида эътибор натижасидир.

Қарорда, туманларнинг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб белгиланган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинган. 6 та лойиҳа негизида жами қиймати 140,5 млрд. сўм бўлган 24 гектар иссиқхона ташкил этилиши белгиланган. Шундан бугунги кунда қиймати 65,1 млрд.сўмлик 3 та лойиҳа ишга туширилди ва 12 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди. Жумладан, «ТAKHIATASH GREENHOUS INDUSTRIAL» МЧЖ томонидан 26,8 млрд. сўм бўлган 5 гектар майдонда замонавий иссиқхона ташкил этилиб, 20 нафар янги иш ўринлари яратилди.  Озиқ-овқат саноати бўйича шу кунга қадар  12 млрд. сўмлик 4 та лойиҳа ишга туширилди ва 20 га яқин иш ўринлари яратилди. Биринчи чорак якуни бўйича “REGION AGRO INVEST EKSPORT” МЧЖ томонидан жами қиймати 17 млрд.сўм бўлган 18 минг тонна ўсимлик ёғини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. 2021 йилнинг сентябрь ойида “Тахиатош Тех” кластери томонидан шундай ёғ заводини ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, Тахиатош туманида 2 та шароити оғир маҳалла ва овулларда янгидан ташкил этилаёт­ган хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январга қадар солиқ имтиёзларига эга бўлишади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг  “Маҳаллабай” ишлаш тизимини амалиётга жорий этиш тўғрисидаги ташаббуси ҳудудлардаги муаммо ва ечимини кутаётган масалаларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туман бўйича 2020 йил бошидан 1777 та камбағал оилалар аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилган. Ушбу оилаларга ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигида қорамол, қўй-эчкилар, парранда, асалари қутилари, ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Бунинг натижасида 2318 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, 1649 та оилалар “Темир дафтар”дан чиқарилди. Ҳозирда “Темир дафтар”да қолган 128 та оила доимий назоратга олинган. 

Ишчи гуруҳлар томонидан тумандаги 13 та маҳаллаларда хатлов ўтказилиб, 12806 та хонадонда 12124 нафар ёшлар томонидан анкета сўровномалари тўлдирилди. Натижада, 3005 нафар ишсиз ва муаммоси мавжуд бўлган ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур асосида тумандаги 1089 нафар ёшларнинг “Манзилли режа” орқали бандлигини таъминлашга эришилади. Хусусан, “Ёшлар дафтари”га киритилган 142 нафар ёшларни ўзини-ўзи банд қилиш орқали, 60 нафарини қурилиш, 122 нафарини қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан таъминлаш, 35 нафар ёшларга кредит ажратиш, 500 нафар ёшларни вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, 106 нафарини ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш орқали бандлигини таъминлаш, шунингдек, 105 нафар ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш назарда тутилган.                       

Бундан ташқари, муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ёшларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Болалар ва ўсмирлар спорт мактабини спорт-анжомлари билан жиҳозлаш, 5 та маҳаллада спорт майдончаларини (Workоut) ташкил қилиш назарда тутилган. Шунингдек, туманда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, “Аёллар дафтари”ни жорий этиш юзасидан ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб бир қанча ишлар амалга оширилди.

Ижтимоий қўллаб-қуватлашга муҳтож оилалар белгилаб олиниб, уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ҳолатини яхшилаш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, хотин-қизларни касб ҳунарга ўқитиш, улар ўртасида энг яхши ўқув дастури танловини ўтказиш ҳамда ғолибларни мукофотлаш юзасидан грантлар ажратиш режалаштирилган. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда шахсий томорқаларида етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказилишида амалий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази қошида ҳамда маҳаллаларда “Хотин-қизлар ҳуқуқий психологик маслаҳатхонаси” фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Умуман олганда, бугунги кунда Тахиатош туманида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.

Феруза Нуруллаева.